«Осон келишувдан умид қилманг»: Зеленский тинчлик бўйича музокараларда ишончли хавфсизлик кафолатлари талаб қилди

11:48 15 Декабрь 2025 Дунё
226 0

Германия пойтахти Берлинда Украина-Россия урушини тугатиш бўйича асосий музокаралар бошланди. Бу ҳақида BILD нашри маълум қилди.

Украина етакчиси Владимир Зеленский Европа раҳбарлари ва АҚШ вакиллари иштирокидаги саммитдан олдин Германия пойтахтига келган ва музокараларда осон келишувга эришиб бўлмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, Зеленский журналистларга берган интервьюсида Россия Украина ҳудудидан қўшинларни олиб чиқишга рози бўлмагунча Украина тинчлик музокараларига ён бермаслигини маълум қилган.

Таъкидланишича, Киев музокаралар давомида хавфсизлик кафолатлари талаб қилган ва ишончли кафолатлардан кейингина Украина вакиллари «ҳудудий масалаларни» муҳокама қилишга тайёрлиги билдирилган.

«Россия куч ишлатишдан қочиб, бунинг ўрнига мамлакатимиз шарқини дипломатик ва сиёсий йўллар билан эгаллаб олмоқчи. Қўшма Штатлар таклиф қилаётган келишувда эса, Россия армияси шарқий ҳудудларимизга бостириб кирмайди ва Украина қўшинлари чекинади. Мен буни адолатсиз деб биламан», — деган Зеленский.

Бундан ташқари, Зеленский тинчлик келишувининг асосий ғояси қуролсизланиш экани, Киев бундай таклифга халқаро кафолатлар ва назорат эвазигагина рози бўлишини билдирган.

Кремль музокарачиси Юрий Ушаковнинг баёнотига кўра, Москва бу жараённи диққат билан кузатиб бормоқда. Ушаков 28 банддан иборат режага киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларни «мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб атаган ва Россия Қўшма Штатлардан унинг позициясини қўллаб-қувватлашини кутишини маълум қилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер