Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали тантанали равишда очилди

12:57 15 Декабрь 2025 Жамият
143 0

Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида Қурманжон Датка (Қурбонжон додхоҳ) ва Алишер Навоий номли кўчалар чорраҳасида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур маънавий аҳамиятга эга тадбирда Қирғизистон Республикаси ҳукумати вакиллари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Маросим давомида Алишер Навоийнинг туркий халқлар маънавиятига қўшган беқиёс ҳиссаси, унинг асарлари орқали дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик ғоялари авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сўзга чиққанлар икки давлат раҳбарлари олиб бораётган очиқ ва дўстона сиёсат натижасида қардош халқлар ўртасидаги қўшничилик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётганини қайд этдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ, Ўш шаҳри мерига миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун «Дўстлик» ордени тантанали равишда топширилди. Ушбу эътироф икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч рамзи сифатида қабул қилинди.

Шундан сўнг икки мамлакат вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик муносабатларини янада ривожлантириш, маданият, адабиёт, санъат ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган келишувлар имзоланди. Қайд этилганидек, ушбу келишувлар қардош халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Якунда айни пайтда Ўш шаҳрида ўзбек театри, маданият ва истироҳат боғи, шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолият юритаётгани, улар икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Миллатлараро муносабатлар халқларимиз тинчлиги ва фаровонлигининг мустаҳкам кафолати экани яна бир бор эътироф этилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?