ЎРВИ: Бемор болаларга қандай ҳолатда иситма туширувчи дорилар бериш лозим?
Фото: Иллюстратив фото
Куз фасли келиши билан болалар орасида нафас йўлларининг турли юқумли хасталиклари, айниқса, ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўп учрайди. Бу эса ота-оналардан фарзандлари саломатлигига янада эътиборли бўлишни талаб этади.
— ЎРВИ — энг кўп тарқалган нафас олиш касалликлари гуруҳи, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори Абдуманноп AБДУҚАЮМОВ. — Бугунгача ушбу инфекцияни чақирувчи вирусларнинг 200 дан зиёд тури аниқланган. Бу гуруҳга вирусли — грипп, парагрипп, аденовирус, ротавирус, энтеровирус, шунингдек, бактериал — пневмококк, менингококк, стафилококк кабилар киради.
Ушбу касаллик ҳаво-томчи орқали юқиб, нафас йўлларининг турли қисмлари яллиғланиши ва интоксикация синдроми билан кечади. ЎРВИ болаларда юқумли касалликлар умумий кўрсаткичининг 90 фоизини ташкил этиб, уларнинг барчаси мавсумий характерга эга. Яъни, бу инфекциялар айнан куз-қиш мавсумида кўп учрайди.
Сабаби бу пайтда 3 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизларда иммун тизими сустлашиб, заифлашган ёш организм вирусларга қарши ҳимоясиз бўлиб қолади.
Қолаверса, аксарият ота-оналар фарзанди бемор бўла туриб, уларни мактабгача таълим муассасаси ва мактабга юборишга қаршилик қилмайди. Натижада бир-бирлари билан яқин мулоқотда бўлган болалар орасида касалликнинг кенг тарқалишига имкон яратилади. Шу сабабли вирусга чалинган ўғил-қизларни алоҳидалаш ва уни якка тартибда даволаш лозим.
Касаллик пайтида асосан аксириш, бош оғриғи, иситма, йўтал, бурун оқиши ва битиши каби катарал белгилар кузатилади. Шунингдек, катта болалар томоқ оғриғидан шикоят қилса, кичик ёшдагилар томоқ қизариши оқибатида овқат ейишга қийналади. Қолаверса, овоз бўғилиши, йўтал, мушаклар ва бўғимларда оғриқлар пайдо бўлиши, иштаҳа пасайиши, ҳарорат ошганда эса қайт қилиш кузатилиши мумкин.
Албатта, бу белгилар қайд этилганда, ота-оналар фарзанди саломатлигига янада эътиборли бўлишлари зарур. Бироқ хавотирга тушиш керак эмас. Афсуски, кўпчилик фарзандида ЎРВИ сабабли бироз иситма кўтарилса, тез саросимага тушиб қолади. Шошмашошарлик эса кўпинча нотўғри хатти-ҳаракатларга олиб келади.
Шу боис, агар боланинг тана ҳарорати кўтарилиб, унда тумов белгилари кузатила бошласа, энг аввало, оилавий шифокор кўригидан ўтиш лозим. Ўзбошимчалик билан болага антибиотиклар бериш асло мумкин эмас. Сабаби ЎРВИ ҳамда гриппда антибиотиклар ёрдам бермайди. Аксинча, жуда оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Қолаверса, хасталик енгил босқичда ўтаётган бўлса, болани стационар шароитда даволаш шарт эмас. Чунки бу хасталикни аксарият ҳолларда уй шароитида муолажа қилиш мумкин. Бунинг устига, стационар шароитда даволаниш беморнинг иккиламчи инфекцияларни юқтириб олишига замин яратади.
1 ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38-38.2 ва 1 ёшдан ошган болаларда 38.5 даражагача кўтарилмагунича ҳеч қандай иситма туширувчи дори воситалари бериш тавсия этилмайди. Аксинча, иситма пайти организмдан катта миқдорда тер ажралиб, тана суюқлик йўқотиши боис, беморга тез-тез илиқ сув ёки бошқа суюқликлар (мевали шарбатлар, турли чойлар) бериш лозим. Шунингдек, болани енгил ва юмшоқ пишган таомлар билан тез-тез ва кам-камдан овқатлантириш, бурун ва томоқни физиологик эритма билан чайдириб туриш керак.
Агар болада турли неврологик ва бошқа жиддий сурункали касалликлар бўлса, иситма 38.5 даражадан кўтарилганда унга ҳароратни туширувчи дори воситаси — паратсетамол ёки ибупрофен бериш тавсия этилади. Бу дорини 3 кун қўллаш зарур.
Мабодо шу вақт ичида боланинг умумий аҳволида ижобий ўзгариш бўлмаса, хусусан, беморда кучли ҳансираш, нафас қисиши, юзаки тез-тез ва энтикиб нафас олиш кузатилса, тинмай ёки кўп ухласа, овқат емай қўйса ёки онасини эммай қолса ҳамда кўп йиғлаб, безовталанса зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Чунки бу ҳолатда пастки нафас йўлларига яллиғланиш ўтган ва бактериал инфекция қўшилган бўлиши мумкин ва бундай ёш беморлар шифохонада даволанишлари шарт.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг