Оролнинг яшил қалқони
Бир пайтлар қуриб, ортидан қумга ботган кемалар ва тузли шамол қолдирган Орол бугун бутунлай бошқа манзара билан намоён бўляпти. Қумга айланган денгиз тубида саксовул ва бошқа чидамли ўсимликлар илдиз отяпти. Бошланган кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари нафақат юртимиз, балки бутун минтақанинг экологик барқарорлиги учун умид уйғотмоқда. 2025 йилга келиб барпо этилган “яшил қопламалар” майдони қарийб 2 миллион гектарга етди. Оролқумдан кўтарилаётган заҳарли туз ва чанг зарралари билан курашиш учун бошланган лойиҳалар ҳимоя ўрмонларига айланиб, қум кўчишини тўсиб, атроф-муҳитни асраб қолмоқда.
– Давлатимиз раҳбари томонидан Орол денгизининг қуриган тубида экологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли ҳаётини яхшилаш вазифалари устувор мақсад сифатида белгиланган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология вазири Лейли Сейтова. – Жорий мавсумда ҳам экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган ишлар тўхтовсиз давом этмоқда. Қўшимча 100 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чидамли ўсимликлар экиш ишлари амалга оширилмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Мўйноқ туманида янги инновацион лойиҳалар йўлга қўйилди. Уруғлар нафақат қўл билан, балки махсус авиация ва дронлар ёрдамида ҳам сепиляпти.
“Яшил макон” лойиҳаси нафақат табиатни тиклайди, балки ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Янги иш ўринлари яратилиб, маҳаллий кўчат етиштириш тармоқлари ривожланмоқда. Маҳалла ва шаҳарларда, кўп қаватли уйлар атрофи, йўллар бўйи ҳамда корхона ва ташкилотлар ҳудудида дарахт ва саксовул экилмоқда, ижтимоий объектларга эса кўчатлар бепул етказиб берилиб, аҳолига тарқатилмоқда. Халқаро аҳамиятга эга А-380 автомобиль йўли бўйида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда. Саксовул, манзарали дарахтлар ва шўр ҳамда қурғоқчиликка чидамли экинлар уруғи сепилмоқда. Бу ишлар нафақат қум кўчишини тўсади ва экологик барқарорликни таъминлайди, балки атроф муҳитни ободонлаштириб, аҳоли ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
– Коллекторлар бўйига ҳам турли дарахт кўчатлари экилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ўқитувчиси Азиз Қунназаров. – Шу пайтгача Хўжайлидан Қўнғиротгача бўлган “4р-176” ва “А-380” автомагистрали бўйи коллекторларига жами 33 минг 280 туп жийда дарахти кўчатлари экилди. Ҳудуд иқлимига мос турлар танланди. Хўжайли туманидан бошлаб Қўнғирот туманигача йўналишдаги катта йўл атрофидаги коллектор бўйларига жийда дарахти кўчатлари экилди. Чўлга чидамли ўсимликлар орқали эса кутилган натижага эришиш мумкин.
Манбаларга кўра, жийда таркибида инсон саломатлиги учун ўта муҳим бўлган кўплаб микро ва макро элементлар, шунингдек, қатор витаминлар мавжуд. У иммунитетни мустаҳкамлаш, модда алмашинувини фаоллаштириш, қон айланишини яхшилаш ҳамда организмнинг умумий чидамлилигини оширишда самарали таъсир кўрсатади. Шу боис жийда халқ табобатида ва соғлом овқатланиш тизимида алоҳида қадрланади. Ундан қадим замонлардан халқ табобатида кўплаб касалликларни даволашда, унинг олдини олишда фойдаланиб келинган. Дунёнинг бир қатор мамлакатларида жийдадан фармацевтикада дори-дармон, тўқимачилик саноати учун елим, ўсимлик гулидан эса атир, дарахт ёғочидан қаттиқ бўлганлиги учун қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Жуда иссиқ ва совуқ об-ҳавога мослашган, бу ўсимликни юртимизнинг чўл, қумли, шунингдек, янги ўзлаштирилган ерларида экиб кутилган натижага эришиш мумкин. Бир туп саксовул 10 тоннагача қумни кўчишдан тўхтатади.
Олимларнинг таъкидлашича, Оролбўйининг шўр ва қумли майдонларда саксовул экиш – экологик мувозанат гарови. Негаки, саксовул ўсимлиги сувсизликка ва шўрга энг чидамли бўлиб, бир туп саксовул 4-5 йилда 10 тоннагача қумни кўчишдан тўхтатиб қолиш хусусиятига эга. 1 гектар ердаги саксовулзор эса йилига 1135 кг карбонат ангидрид ютиб, 835 кг кислород ажратиб чиқаради.
Бугун экология масаласи дунё миқёсида инсоният олдида турган энг муҳим вазифалардан бирига айланган. Тоза муҳит, соғлом ҳаёт ва барқарор тараққиёт — бугунги ва эртанги авлодлар учун энг катта неъматдир. Шу боис Ўзбекистонда экологик сиёсат устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланиб, бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида кўчатхоналарда манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. Суғориш тизимлари янгиланмоқда, маҳаллий иқлимга мос кўчатлар етиштирилаётган питомниклар сони ортмоқда, йўллар бўйлаб кўкаламзор ҳудудлар барпо этилмоқда. Хусусан, Нукус – Қўнғирот ва Нукус –Тахтакўпир йўналишларидаги қарийб 200 километр масофада дарахт экилиб, йўл атрофлари ҳам яшил қиёфа касб этди.
Орол тубида яшил ўрмонларнинг пайдо бўлиши минтақадаги биохилма-хилликни қайта тиклаш ва маҳаллий аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда энг тўғри ва самарали йўлдир. Бу «яшил қалқон» яқин йилларда Оролбўйи минтақаси қиёфасини бутунлай ўзгартиришига ишонамиз.
Ғайрат ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг