Органик пахта – кони фойда

Фото: Халқ сўзи
Органик пахта ва ундан тайёрланган ип-калаванинг қиймати баланд. Бунга Бухоро вилояти Олот туманидаги «Парвоз Хумо Равнақ Транс» масъулияти чекланган жамияти мутахассислари ўз тажрибалари мисолида ишонч ҳосил қилдилар.
Гап шундаки, мазкур МЧЖ негизидаги “HAJ TEX group” корхонаси томонидан уч минг гектар ерда илк бор органик пахта етиштирилган эди. Таниқли селекционер олим Аухат Батталов яратган ва йиллар синовидан ўтган «Бухоро -6» ғўза нави бу борада ҳам ўзининг энг яхши хусусиятларини намоён этди. Натижада ушбу органик пахта GOTS халқаро стандарти доирасида сертификатланди. Бу ҳужжат пахтани етиштиришдан тортиб, уни тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараён тамоман органик тарзда амалга оширилишини кафолатлайди. Корхона бунинг самарасида маҳсулотини, аниқроғи, ип-калавани Японияга икки баравар қиммат нархда сотишга муваффақ бўлди.
Бу далил органик пахта етиштириш жаҳон бозорига кириш имкониятини кенгайтиришини, қўшимча қийматли миллий маҳсулот ишлаб чиқариш сари йўл очишини кўрсатади. У тупроқ таркибининг яхшиланишига, атроф-муҳит тозалигига хизмат қилади. Чунки ғўза заҳарли химикатларсиз фақат маҳаллий ўғит билан озиқлантирилади. Бундай пахтани қайта ишлаш жараёнида тайёрланган маҳсулотлар эса экологик тоза саналади. Қолаверса, дунёда бундай табиий, хавфсиз хўжалиги маҳсулотларига талаб ошиб бораётганини эътибордан соқит қилиб бўлмайди.
Дарвоқе, “CONTROL UNION” халқаро сертификатлаш ташкилоти «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакатимиз пахта – тўқимачилик кластерларида етиштирилган органик пахтани сертификатлаштириш ишларини олиб бормоқда, ташкил этилаётган семинарларда агроном, энтомолог, оилавий пудратчи ва бошқа мутахассислар органик пахта етиштиришга оид зарур билим ва кўникмаларга эга бўляптилар.
Маълумот тариқасида яна шуни таъкидлаш лозимки, “BCT CLUSTER” хорижий корхонаси таркибига кирувчи “BCT CLUSTER AGROKOMPLEKS ” масъулияти чекланган жамияти Бухорода илк бор органик пахта етиштиришни йўлга қўйганди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг