Oracle асосчиси Ларри Эллисон Bloomberg рейтингида Илон Маскни ортда қолдирди

10:50 11 Сентябр 2025 Дунё
279 0

Америкалик Oracle компанияси асосчиларидан бири Ларри Эллисон Bloombergʼнинг миллиардерлари рейтингида илк бор дунёнинг энг бой одами бўлди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Oracle акциялари ўсиши ҳисобига Эллисоннинг бойлиги атиги бир суткада 101 миллиард долларга кўпайиб, 393 миллиард долларга етди. Бу Bloomberg миллиардерлари индексида бир кунда қайд этилган энг катта ўсиш сифатида тарихга кирди.

Шу тариқа, Эллисон бойлиги 385 миллиард доллар деб баҳоланаётган Тесла раҳбари Илон Маскни ортда қолдирди. Бироқ Forbes рейтингида Маск ҳали ҳам дунёнинг энг бой кишиси бўлиб қолмоқда. Нашр унинг бойлигини 463 миллиард долларга баҳолаган.

Oracle акцияларининг кескин ошишига компания булутли технологиялар бизнеси бўйича ижобий прогноз сабаб бўлди. Сўнгги чоракда булутли инфратузилмадан тушган даромад ўтган йилга нисбатан 55 фоизга кўпайиб, 3,3 миллиард долларни ташкил этди. Жорий молиявий йилда эса ушбу кўрсаткичнинг 77 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Oracle — трансмиллий Америка корпорацияси бўлиб, корпоратив ахборот тизимлари учун дастурий таъминот ва сервер ускуналари ишлаб чиқаради ҳамда сотади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?