«Оқдарё» сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида тарқалган видеолар ҳақиқатми? Расмий муносабат билдирилди
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги «Оқдарё» сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ва сув сатҳи меъёрдан ошиб кетгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Иштихон тумани ҳокимлиги тезкор муносабат билдириб, тарқалган маълумотларнинг ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди.
Ҳокимликнинг расмий баёнотига кўра, Оқдарё сув омборида ҳеч қандай носозлик ёки хавфли ҳолат аниқланмаган. Сув сатҳи меъёрий даражада бўлиб, дамба ва унга тегишли инфратузилмалар барқарор ишламоқда. Стратегик аҳамиятга эга ушбу иншоот доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилиниб, техник кўрикдан ўтказилган.
Самарқанд вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Илҳом Боқиев «Халқ сўзи»га маълум қилишича, 13 январ куни Иштихон туман судида мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилган.
Айни пайтда «Оқдарё» сув омборида олиб борилган жорий таъмирлаш ишлари давомида омбор жанубий-ғарбий қисмида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида нотўғри маълумотни видеога олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган Ж.Ҳ. ва М.П.нинг ҳаракатлари кўриб чиқилди. Улар мазкур нотўғри маълумотни 10 январ куни тарқатиб, жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатганликда айбдор деб топилди.
Судда аниқланишича, Ж.Ҳ. видеотасвир давомида «Мана Иштихон тумани сув омборида сув тошиб кетишга оз қолди» деган асоссиз фикрларни билдириб, видеони ижтимоий тармоқларда кенг тарқатган. Суд мажлисида айбдорларнинг ҳаракатлари далиллар, тушунтириш хатлари ва суд материаллари орқали тасдиқланди.
Суд ҳукмига кўра, Ж.Ҳ. ва М.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 7 миллион 500 минг сўм жарима жазоси белгиланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг