Оқ йўл, оддий аскар!

10:36 16 Март 2026 Жамият
151 0

Ота юрт ҳимояси, она Ватан мудофааси – муқаддас ва шарафли бурч. Бу Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам қатъий белгиланган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг 64-моддасида Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги қайд этилган ҳолда фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурлиги кўрсатилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш бўйича Президент қарори имзоланди.

Қарорга мувофиқ, Ўрта Чирчиқ тумани Мудофаа ишлари бўлими томонидан Нурафшон шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманида доимий рўйхатда турган 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, бўйи 165 см, вазни 55 кгдан ортиқ чақирув ёшидаги йигитларни муддатли ҳарбий хизматга юбориш жараёнлари бошланди. Шу муносабат билан Тошкент вилоятидан муддатли ҳарбий хизматга йўл олаётган ёшларни тантанали кузатув маросими бўлиб ўтди.

Ватан ҳимояси каби шарафли бурчни адо этиш арафасидаги 766 нафар вилоят йигитлари ва уларнинг ота-оналари ушбу тадбирда иштирок этди. Маросимда, шунингдек, вилоят ҳокимлиги масъуллари, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси ҳарбий хизматчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам қатнашди.

— Биз учун беқиёс муҳаббат ва садоқат манбаи бўлган, киндик қонимиз тўкилган табаррук тупроқни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз, аждодларимиз олдидаги фарзандлик қарзимиздир, — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир. — Муқаддас Ватанимизни ҳозирги шиддатли ва таҳликали даврда нафақат ташқи кучдан, балки ёмон кўздан, ёмон сўз ва ёмон ниятдан ҳам ҳимоя қилишими бугуннинг талабидир.

Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жисмонан бақувват, маънан етук бўлиб камол топишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, ҳарбий хизмат Ватан олдидаги муқаддас бурч эканини таъкидладилар.

Тадбир давомида бўлажак аскарларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, фарзандларининг Ватан ҳимоясига отланаётганидан фахр туйишларини билдирди.

Яқинлари билан хайрлашган ёшлар тантанали равишда ҳарбий қисмларга кузатилди.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?