Омбудсман Андижон ИИБдаги воқеага муносабат билдирди

19:52 14 Июнь 2020 Жамият
1154 0

Жорий йилнинг 30 май куни Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси 4-сон ички ишлар бўлими ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримов жиноят содир этганликда гумон қилиниб ички ишлар бўлимига олиб келинган ва ходимлар томонидан етказилган тан жароҳатлари натижасида 11 июнь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалида вафот этган.

Воқеа юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси 4-сон ички ишлар бўлимининг 3 нафар ходими ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ушланган.

Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан назоратга олинган ҳамда Вакилнинг алоҳида эътиборида. Айбдорларга нисбатан қонуний ва адолатли ҳукм эълон қилинади.

Афсуски, жамиятимизда ҳали ҳам бундай иллатлар учрамоқда. Жорий йилнинг 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Бош прокуратура томонидан ўтказилган брифингда ҳам қийноқлар бўйича мурожаатлар асосан ички ишлар органлари ходимлари устидан бўлаётганлигини таъкидлаган эдик.

Қонунларимизга мувофиқ, барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хусусан, ички ишлар органлари ходимлари, айниқса, терговга қадар текширув ва дастлабки терговни амалга оширишда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устунлигига, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишига сўзсиз риоя қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер