Олий таълимдаги ислоҳотлар халқаро рейтингларда бўй кўрсатмоқда

20:42 16 Декабрь 2021 Жамият
1095 0

Бугун шиддат билан янгиланиб бораётган давр барчамизни янгиланишлар сари даъват этар экан, эндиликда ўзлигимиз, ишимиз, салоҳиятимизга, тажриба ва натижамизга ҳам берилаётган баҳо мезонлари ҳам тобора ортиб, талаблар сифат сари баландламоқда.

Зеро, замон ҳам ушбу талабларга монанд равишда биздан стратегик режалар асосида иш тутишни, узоқни кўра билишни, давр билан ҳамнафас эмас, ундан камида беш йил олдин ҳаракатланишни тақозо этяпти.

Айтиш керакки, сўнгги беш йил ичида олий таълим тизимига татбиқ этилган ислоҳотлар самараси бугун ўз натижаларини бера бошлагани барча соҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Бу тизимдаги ўзгаришлар, амалий ишлар кўлами, ислоҳотлар меваси нафақат мамлакат миқёсида балки, халқаро майдонда ҳам бугун бўй кўрсатмоқда.

Ҳақли равишда таъкидлаш жоизки, бугун Янги Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингдаги кўрсаткичлари ҳам янгича йўналишда тараққий этаётир.

Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан сўнгги уч йилда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш мақсадида халқаро рейтинг кўрсаткичларини ошириш бўйича тизимли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистоннинг тўртта олий таълим муассасаси “Quacquarelli Symonds” халқаро агентлигининг 2022 йил учун энг яхши университетлар рейтингида кўрсаткичлар бўйича ўз натижаларини юқори поғоналарга олиб чиққанлигида яққол кўринади.

QS World University Rankings EECA, яъни Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари рейтинг натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий университети ўтган йили 351+ ўрин олган бўлса, 2022 йил учун эълон қилинган рейтингда 100 поғона юқорига кўтарилиб, 251+ ўринни эгаллади.

Бундан ташқари, «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети 211+ ўрин билан ўтган йилги натижалардан 40 поғона юқорига кўтарилди. Тошкент давлат техника университети ва Самарқанд давлат университетлари ўтган йилги 351+ ўринни сақлаб туришибди.

Шу ўринда ортга назар ташлайдиган бўлсак, бундан 3 йил аввал хорижий экспертлар томонидан республиканинг 10 та олий таълим муассасаси (ЎзМУ, ТИҚХММИ, ТДТУ, ТАТУ, СамДУ, ТДАУ, УрДУ, ТТА, Турин политехника университети, ҚҚДУ) танлаб олиниб, уларнинг Times Higher Education va QS базасида тегишли профиллари яратилган эди.

Юқоридаги кўрсаткичлар асосида хулоса қилиш мумкинки, бугун юртимиздаги барча олий таълим муассасалари халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтинглари рўйхатига кириш учун рақобатга киришган ва дунёнинг кучли 1000 ва 500 университетлари қаторидан жой олиш учун ўз режаларига, чора-тадбирларига эга.

Бу борада Фарғона давлат университети ҳам кундан-кунга халқаро ҳамкорлик сари янги қадамлар ташлаган ҳолда, миллий таълим сифатини юқори босқичга олиб чиқиш, шунинг баробарида, олий таълимни Янги Ўзбекистонга хос ва мос тизимга айлантиришни олий мақсад қилиб белгилаган.

Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?