Олий таълим вазирлиги мутасаддиси аниқ бўлмаган маълумот тарқатгани айтилмоқда ёки Тошкент давлат стоматология институти илгарироқ ёпилган

Аввалроқ, Стоматология институтида коронавирус аниқлангани сабаб у карантинга ёпилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев айтиб ўтганди.
Бироқ ЎзАда эълон қилинган мақолага асосан институтнинг карантинга ёпилгани тўлиқ бўлмаган маълумотдир.
Ҳозирги кунда ахборот оқимининг кўплиги ва баъзи ҳолларда мансабдор шахсларнинг аниқ маълумотга эга бўлмасдан туриб турли баёнотларни ва маълумотларни тарқатиши ачинарли ҳол.
Бугун тонгданоқ телеграмимга Тошкент давлат стоматология институти ҳақида келаётган хабарлар дилимни оғритди. Боиси, ўзим Инновацион ривожланиш вазирлигида асосий штатда, мазкур муассасада эса ўриндошлик асосида ишлайман.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев маълум қилишича, Тошкент давлат стоматология институтида коронавирус аниқлангани боис, институт бугунги кунда карантинга ёпилган эмиш. Аммо маълумотнинг тўлиқ, аниқ эмаслиги кўплаб саволларни юзага келтирмоқда.
Асл воқеага аниқлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қилмоқчиман.
Биринчидан, Тошкент давлат стоматология институти касаллик чиқмасдан олдин, яъни 26 мартдан захирага олинганлиги сабабли ёпилган эди. Талабалар эса 16 мартдан таътилга чиқарилган. Соғлиқни сақлаш вазирининг 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар коронавирус инфекцияси (COVID 19) билан касалланган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун резерв ўринлар ташкил этиш ҳамда аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни ташкиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига асосан Тошкент давлат стоматология институти ва Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникалари заҳирга олинган ва даволанаётган беморларга уйига рухсат берилган, институт ва клиникаларнинг барча ходимлари масофадан ишлашга ўтказилган ёки таътилга чиқарилган.
Иккинчидан, касаллик аниқланган шахс тиббиёт ходими бўлмагани, асосан ҳисобхона бўлими билан ишлагани учун алоқада бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этмаган, яъни 9 киши билан алоқада бўлгани аниқланган ва улар Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлик” оромгоҳига жойлаштирилган. Ундан ташқари алоқада бўлганликда гумон қилинган ходимлар ҳам уй карантинига олинган. Шу кунгача уларнинг бирортасида COVID-19 инфекцияси аниқланмаган. Беморнинг оила аъзолари вилоятдаги қариндошлариникида бўлгани сабабли улар билан алоқа бўлмаган.
Учинчидан, мазкур ходимда касаллик 2 апрель куни аниқланган ва бу пайтда институтда талабалар ҳам, беморлар ҳам бўлмаган, шу билан бирга унинг тиббиёт ходимлари билан контактда бўлмаганлиги учун касалликни тарқатиш хавфи кам бўлган.
Бемор 16 апрель куни тўлиқ тузалиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан реабилитация учун Терапия ва тиббий реабилитация илмий амалий тиббиёт марказига ўтказилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб беморлар, талабалар ва ходимлар ўртасида ваҳима тарқатиш, хавотирланишга ва хавфсирашга асос йўқлигини маълум қилмоқчиман.
Бахтинур Худанов,
Тошкент давлат стоматология институти доцент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг