ЎФА бир нечта клубни оғирроқ интизомий жазо чоралари билан огоҳлантирди
«Навбаҳор лочинлари» ва «Нефтчи» футбол клубларига нисбатан Ўзбекистон Суперлига чемпионатида тўпланган очколаридан 3 очко олиб ташланиши, бир нечта футбол клубларига нисбатан оғирроқ интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.
Билдирилишича, ЎФА томонидан Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитаси қабул қилинган қарорлар ижроси таҳлил қилинган. Қўмита қарорларига мувофиқ, клубларга қарздорликларни муддат белгилаб, тўлиқ бартараф этиш мажбурияти юклатилган.
Бунда, «Навбаҳор лочинлари», «Нефтчи», «Андижон», «Хоразм», «Бухоро», «Қумқўрғон-1977», «ТерДУ» футбол клублари қўмита қарорларида белгиланган мажбуриятларни тўлиқ бажармасдан келаётгани аниқланди.
Жумладан, «Навбаҳор лочинлари» футбол клуби футболчилар Жамшид Искандеров, Иброҳим Йўлдошев, Диёржон Туропов, Одил Ҳамробеков, Аброр Исмоилов, Шаҳзодбек Убайдуллаев, шунингдек мураббий Муҳиддин Ортиқов олдидаги қарздорликни тўлиқ бартараф этмаган. «Нефтчи» футбол клуби эса футболчилар Азизбек Амонов, Манучеҳр Сафаров, Шоҳруҳ Гадоев олдидаги мажбуриятни тўлиқ бажармаган.
Шунингдек, «Андижон» клубининг «Пахтакор» ва «Бунёдкор» футбол клуби олдидаги машғулот компенсацияси ҳамда трансфер шартномалари бўйича қарздорлиги мавжуд. «Хоразм» ва «Бухоро» футбол клублари ҳам «Пахтакор» футбол клуби олдидаги машғулот компенсацияси бўйича қарздорлигини бартараф этмаган.
Бундан ташқари, «Қумқўрғон-1977» футбол клуби футболчи Орзу Раззоқов олдидаги, «ТерДУ» футбол клуби футболчилар Сарвар Ҳусанов ва Фаррух Ҳайдаровлар олдидаги қарздорликлар бўйича молиявий мажбуриятларини бажармай келаётгани қайд этилган.
Таъкидланишича, қарздорлик тўланмаганлиги сабабли, қўмита томонидан 2025 йилги мавсумда қишки трансфер ойнасида «Навбаҳор лочинлари» ва «Нефтчи» футбол клубларига кейинги икки рўйхатдан ўтказиш даврида миллий ва халқаро миқёсда янги футболчиларни Лига рўйхатидан ўтказишга тақиқ қўйилган.
Кейинчалик, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан қарздорликни тўлиқ бартараф этиш бўйича кафолат хатлари тақдим этилгани ҳамда футболчилар билан тузилган қарздорликларни қопланиши бўйича келишувлари инобатга олиниб, қишки трансфер ойнасидаги тақиқ вақтинча олиб ташланган. Шу асосда қарздорликлар қисман тўланган бўлсада, клублар томонидан белгиланган муддатларда тўлиқ тўловлар амалга оширилмаган.
Мазкур футбол клублари қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмагани учун уларга нисбатан жарима интизом чоралари қўлланган бўлсада, шундан кейин ҳам қарздорликни бартараф этмаган.
Футболчиларнинг мақоми ва трансфери бўйича регламентнинг 12-бис моддаси 1-бандига мувофиқ, клублар футболчилар ва бошқа клублар олдидаги молиявий мажбуриятларни, шунингдек, профессионал футболчилар билан имзоланган шартномалар ва трансфер келишувларида назарда тутилган талабларни ўз вақтида бажариши шарт. Мазкур модданинг 6-бандида эса молиявий мажбуриятларнинг такрорий равишда бузилиши оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, янада қатъийроқ жазо чоралари қўлланилиши белгиланган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзоси сифатида «Навбаҳор лочинлари», «Нефтчи», «Андижон», «Хоразм», «Бухоро», «Қумқўрғон-1977», «ТерДУ» футбол клублари қўмита қарорларини бажариши мажбурий ҳисобланади. Бироқ клублар томонидан қарорлар ижроси таъминланмаётгани ва беписанд муносабатда бўлаётгани уларга нисбатан оғирроқ интизомий жазо чораларини қўллашни тақозо қилмоқда.
Маълум қилинишича, юқоридагилардан келиб чиқиб, 2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли қўмитасида мазкур футбол клубларига нисбатан оғирроқ интизомий жазо чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.
Бунда, «Навбаҳор лочинлари» ва «Нефтчи» футбол клубларига нисбатан Ўзбекистон Суперлига чемпионатида тўпланган очколаридан 3 очко олиб ташлаш (уч очкодан маҳрум қилиш) ҳамда қишки трансфер ойнасида халқаро ва миллий даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйиш, шунингдек, «Андижон», «Хоразм», «Бухоро», «ТерДУ» клубларига ҳам қишки трансфер ойнасида халқаро ва миллий даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишга тақиқ қўйиш, «Қумқўрғон-1977» футбол клубини эса мусобақадан четлаштириш чораларини қўллаш масалалари кун тартибидан ўрин олади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг