Одил Аҳмедов бешинчи, Элдор Шомуродов эса иккинчи ўринда

10:00 16 Октябр 2025 Спорт
248 0

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳар соҳада бўлгани каби футбол агентликларида ҳам катта ўсиш кўзга ташланмоқда. Ушбу ҳолат фонида қатор футболчиларимиз Осиё ва Европа мамлакатлари клубларига катта суммага трансфер қилиниши одат тусига айланмоқда.

Бугун биз Ўзбекистон футболи тарихида амалга ошган энг қиммат трансферлар ҳақида маълумот берамиз.

10-ўрин. Сервер Жепаров

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчи — Сервер Жепаров ушбу рўйхатни бошлаб беради.

2008 ва 2011 йилларда Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилган Серверга 2011 йилги Осиё кубогидан кейин қатор гранд клублардан жиддий таклифлар бўлади. Ўша кезлари Жанубий Кореянинг «Сеул» клуби шарафини ҳимоя қилган терма жамоанинг собиқ сардори якунда Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» клубига трансфер қилинади.

Ушбу трансфердан «Сеул» клуби 1 миллион 600 минг евро ишлаб олади.

9-ўрин. Одил Аҳмедов

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир собиқ сардори Одил Аҳмедовнинг хизматларига ҳам 2011 йилги Осиё кубогидан сўнг қатор клублардан таклифлар бўлади.

«Пахтакор» клуби Аҳмедовнинг трансфери бўйича Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари клублари билан музокаралар олиб боради. Якунда футболчи Махачқалъанинг «Анжи» клубига трансфер қилинади.

Ушбу трансфер «Пахтакор» жамоасига 1 миллион 700 минг евро маблағ олиб келади.

8-ўрин. Сардор Рашидов

2009 йилдан «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилиб келган Сардор Рашидов 2013 йилдан «қалдирғочлар»нинг асосий футболчисига айланади. 2014 йилги мавсум Сардор нафақат Ўзбекистон чемпионатида, балки Осиё чемпионлар лигаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ишончли ўйинлар кўрсатади.

2015 йилги Осиё кубоги, айниқса гуруҳ босқичининг сўнгги турида Саудия Арабистонига қарши кечган баҳс Сардор Рашидовни бутун қитъага танитади.

Ушбу мусобақадан сўнг Осиё мамлакатларидан тортиб Франция чемпионатигача бўлган жамоалар Сардорнинг хизматларига қизиқиш билдиришади. Якунда футболчи Қатарнинг «Ал-Жайш» клубига сотилади.

Ушбу трансфердан «Бунёдкор» жамоаси 2 миллион евро ишлаб олади.

7-ўрин. Элдор Шомуродов

2025 йилги мавсум олдидан «Рома» клубида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Ушбу ўзгаришлар фонида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ҳам клубни тарк этди.

Туркиянинг «Истанбул Башақшеҳир» клуби Шомуродовни ижара асосида жамоага қўшиб олди. Ушбу трансфер ижарасидан «Рома» клуби 3 миллион евро ишлаб олди.

6-ўрин. Одил Аҳмедов

Одил Аҳмедов «Анжи» клубига ўтганидан сўнг жамоа билан Россия чемпионатида совриндор бўлди. Европа лигаси мусобақасида қатор гранд клубларга қарши ўйинлар ўтказди.

Натижада унинг хизматларига Россия грандларидан тортиб, Англиянинг «Арсенал» клуби ҳам қизиқиш билдирди.

Лекин якунда Одил Россия Премьер-лигасида қолди. 2014 йил июль ойида футболчи «Краснодар» клубига кўчиб ўтади.

Ушбу трансфердан Махачқалъанинг «Анжи» клуби 4 миллион евро ишлаб олди.

5-ўрин. Одил Аҳмедов

5-ўрин ҳам Одил Аҳмедовга тегишли. «Анжи»дан «Краснодар»га кўчиб ўтгандан сўнг, Одил ушбу жамоада жами 67 та ўйинда майдонга тушади ва 5 та гол уришга муваффақ бўлади.

2016 йил якунида Аҳмедовнинг хизматларига Россия ва Осиёнинг қатор жамоаларидан жиддий қизиқишлар бўлади. Якунда футболчи ўз чемпионатига жаҳон футболи юлдузларини жамлаётган Хитой мамлакатига йўл олади.

«Шанхай СПИГ» жамоаси Одилнинг трансфери учун «Краснодар»га 7 миллион евро тўлайди.

4-ўрин. Аббосбек Файзуллаев

Ўзбек футболидаги ёрқин юлдузлардан бири Аббосбек Файзуллаев 2023 йил июль ойида Россиянинг ЦСКА клубига кўчиб ўтади.

Икки йиллик фаолияти давомида Аббосбек «армиячилар» сафида 72 та ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол уради ва 22 та голли узатма амалга оширади. Шу билан бирга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатига чиқишида муҳим роль ўйнайди.

Ушбу воқеалар фонида Файзуллаевнинг хизматларига Европанинг қатор клубларидан жиддий таклифлар бўлади. Якунда футболчи 2025 йилнинг ёзида Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир“ клубига кўчиб ўтади.

Ушбу трансфердан Москванинг ЦСКА клуби 7,5 миллион евро ишлаб топади.

3-ўрин. Элдор Шомуродов

2017-йилнинг июн ойида Россиянинг “Ростов“ клубига кўчиб ўтган Элдор дастлабки 2 мавсум жамоасининг захира футболчисига айланиб қолади. Бош мураббий Валерий Карпин уни асосан иккинчи бўлимнинг сўнгги 20 дақиқаси учун майдонга туширарди.

Аммо, 2019-йилги Осиё кубогидан кейин Элдорнинг ўйини жиддий равишда ижобий томонга ўзгаради. Осиё кубогида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун 4 та гол уриб берган Элдор тез орада “Ростов“нинг асосий ҳужумчисига айланиб олади.

2019-йилги мавсум Россия Премьер-лигасида Элдор Шомуродов “Ростов“ учун ўндан ортиқ голлар уриб беради. Натижада футболчининг хизматларига Германия ва Италиянинг қатор клубларидан қизиқишлар бўлади. Якунда футболчи Италиянинг “Женоа“ клубига ўтади.

Ушбу трансфердан “Ростов“ клуби 9,5 миллион евро ишлаб олади.

2-ўрин. Элдор Шомуродов

Иккинчи ўринда яна Элдор Шомуродов. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг А Сериядаги дебют мавсуми омадли ўтади. Футболчи биринчи мавсумнинг ўзида Италия чемпионатида 8 та гол уришга муваффақ бўлади.

Натижада “Лацио“, “Рома“, “Ювентус“, “Интер“ каби Италия клублари Элдор Шомуродовнинг хизматларига қизиқиш билдирадилар. Якунда “Женоа“ клуби Шомуродовнинг трансфери бўйича “Рома“ клуби билан келишувга эришади. Ушбу трансфердан “Женоа“ клуби 19,5 миллион евро ишлаб олади.

1-ўрин. Абдуқодир Ҳусанов

Белоруссиянинг “Энергетик“ жамоасидан Франциянинг “Ланс“ клубига кўчиб ўтган Абдуқодир Ҳусанов қисқа фурсат ичида жамоанинг асосий ҳимоячисига айланади. Ўзига хос ўйин услуби билан ажралиб турадиган Ўзбекистон терма жамоаси футболчисининг ўйини тез орада бутун Европада муҳокама қилина бошлайди.

2024 йил сўнгида футболчининг хизматларига “Манчестер Сити“, “Реал Мадрид“, ПСЖ каби клублардан қизиқишлар бўлади. Якунда футболчи 2025 йилнинг январ ойида “Манчестер Сити“ билан шартнома имзолайди.

Ушбу трансфердан “Ланс“ жамоаси 40 миллион евро ишлаб олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?