Нью-Йорк шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашуви бўлиб ўтди

Нью-Йорк шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ажай Бангани банк фаолиятидаги ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашга қаратилган муваффақиятли ислоҳотлар билан табриклади.
Ўз навбатида, Жаҳон банки раҳбари мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар натижаларини юқори баҳолади.
Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда ушбу глобал молиявий институт билан, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар доирасидаги устувор дастур ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришда ҳамкорликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Мамлакатимиз банкнинг Европа ва Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкорларидан биридир. Қўшма лойиҳалар портфели 14 миллиард доллардан ошди. Тошкентда Жаҳон банкининг минтақавий офиси очилди. Яқинда Наманган шаҳрида ўтган “Камбағалликдан фаровонлик сари“ III халқаро форуми якунлари юксак баҳоланди.
Давлатимиз раҳбари амалдаги Шериклик дастурида асосий эътиборни барқарор ўсишни таъминлашга, лойиҳаларни жадал, сифатли ва самарали амалга оширишга қаратиш муҳим эканини таъкидлади.
Камбағалликка қарши курашиш, хотин-қизлар ва ёшлар учун иш ўринлари яратиш, янги “Намунали маҳалла“ модели асосида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ инфратузилмаси, хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, давлат активларини хусусийлаштириш масалаларида экспертлик кўмаги, иқтисодиётни карбонсизлаштириш ва молия соҳасини трансформация қилиш стратегиясини амалга ошириш каби йўналишлар устувор этиб белгиланди.
Банк Марказий Осиё минтақасидаги стратегик инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суришда иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг