Нукусда 500 ўринли талабалар тураржойи фойдаланишга топширилди

15:35 27 Август 2025 Жамият
97 0

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида 500 ўринли талабалар тураржойининг фойдаланишга топширилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мазкур олий ўқув юрти жамоаси, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А.Аяпов, университет ректори, академик А.Реймов сўзга чиқиб, йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами ҳамда янги талабалар тураржойларининг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди.

Талабалар уйининг қурилиш ишларига хусусий шерик томонидан 15,804 млрд. сўм, давлат субсидияси ҳисобидан 12,0 млрд.сўм, жами 27,804 млрд. сўм маблағ ажратилиб, “ARGONIYA” масъулияти чекланган жамиятининг тажрибали қурувчилари томонидан қисқа муддатда қуриб битказилган. Бундан ташқари, ушбу масканда талабалар мебель жиҳозлари, замонавий электр печлари, музлатгичлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, сув иситиш ускуналари каби маиший техникалар билан таъминланган.

Тадбир давомида “ARGONIYA” МЧЖ М.Ходжаниязов томонидан янги қурилган талабалар тураржойининг калити Қорақалпоқ давлат университети ректорига тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар талабалар тураржойининг шароитлари билан танишиб, талаба-ёшлар билан суҳбатлашди.

Ғайрат ОТАЖОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер