Нодиржон Турғунов Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчиси этиб тайинланди

11:52 29 Май 2025 Сиёсат
97 0

Фото: «Дунё»

Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган элчиси Нодиржон Турғунов ушбу мамлакат ТИВга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Маълум қилинишича, кеча, 28 май куни Нодиржон Турғунов Иордания Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарна билан учрашган. Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Иордания муносабатларини жадаллаштириш, шунингдек, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган. Икки дўст давлат ўртасида мустаҳкам тарихий ва маданий алоқалар мавжудлиги алоҳида таъкидланган.

Сиёсий мулоқотни кенгайтириш истиқболлари, жумладан, турли даражадаги ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва қўшма тадбирлар, хусусан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ва ҳукуматлараро комиссия мажлисларини ўтказиш орқали муҳокама қилинган.

«Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар. Иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди. Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик алмашинувини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, алқ дипломатиясини мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси сифатида Ўзбекистон ва Иордания пойтахтларида Маданият кунларини ўтказиш зарурлиги қайд этилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февраль куни ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов 2024 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси, 2025 йил апрель ойида эса бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг Баҳрайндаги биринчи элчиси этиб тайинланган эди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили сифатида ҳам аккредитациядан ўтган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер