Нобель мукофоти соҳибларига бағишланган китоб тақдимоти

14:41 23 Октябр 2025 Жамият
265 0

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида “Инсон. Маданият. Тинчлик: маданиятни англаш ва XXI асрда ҳаётни идрок этиш борасида таниқли замондошлар билан суҳбатлар” номли тўрт жилдлик нашрнинг Нобель мукофоти соҳибларига бағишланган биринчи жилди тақдимоти ўтказилди.

Самарқанд халқаро технология университети тақдим этган ушбу нашр ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси арафасида тайёрланди. Тадбирда мазкур университет ҳамда вилоятдаги бошқа олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Кенг кўламли, тўрт жилддан иборат ушбу фундаментал илмий-маърифий лойиҳа Самарқанд халқаро технология университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Юсуф Абдуллаевнинг масъул муҳаррирлигида амалга оширилаётган бўлиб, унда тинчлик маданияти ва фуқаролик дипломатиясига бағишланган муаллифлик материаллари жамланган. Улар замонамизнинг дунёни ўз ихтиролари, илмий кашфиётлари ва маданий ҳамда ижтимоий ривожга қўшган улкан ҳиссалари билан яхшилик сари ўзгартирган йирик интеллектуал шахслар билан олиб борилган бевосита суҳбатлар, ёзишмалар, учрашувлар ва фикр алмашувлар асосида шакллантирилган. Ҳар бир суҳбатдошнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари ва ҳаётга муносабати ўзига хос. Уларнинг жавоблари, изоҳлари ва фикрлари турфа — худди ҳаётнинг ўзи каби ранг-баранг ва сермазмун.

Лойиҳанинг иштирокчилари орасида жаҳон илм-фани ва маданиятининг йирик арбоблари, таниқли зиёлилар, ёзувчилар, олимлар, шунингдек, турли мамлакатлардан оддий инсонлар ҳам бор. Ҳар бир мактуб — бу юракдан чиққан сўз, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликка даъватдир.

— Муаллифлар қарийб қирқ йил давомида жаҳон миқёсида тан олинган фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларининг йирик намояндалари билан доимий мулоқот ва ёзишмаларни амалга оширган, — дейди Самарқанд халқаро технология университети ректори Юсуф Абдуллаев. — Тўпламнинг биринчи жилди муаллифларнинг 72 нафар Нобель мукофоти совриндорлари билан маданият моҳияти ва ХХI аср дунёсининг қиёфаси ҳақида олиб борган суҳбатлари ҳамда ёзишмаларини ўз ичига олади. Унда инсоният цивилизациясининг барқарорлиги ва истиқболи билан боғлиқ долзарб масалаларга оид саволларга жавоблар, замонамизнинг етук интеллектуал ва фикр етакчиларининг эксклюзив кузатувлари, изоҳ ва фикр-мулоҳазалари жамланган. Китобда келтирилган оригинал хатлар тўплами ўқувчига фан ва таълим оламининг етакчи арбоблари билан бевосита фикр алмашиш, улар билан биргаликда тез ўзгараётган дунёда маданиятнинг мазмуни ва миссияси ҳақида мушоҳада юритиш имконини беради.

Муаллифлик лойиҳаси — “Тинчлик маданияти одами” ўзининг ғоявий илҳоми ва чуқур маъноси билан “Инсон. Маданият. Тинчлик” номли илмий-маърифий марказ ташкил этилишига замин яратди.

Мазкур марказ 2023 йил ноябрь ойида Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ҳузурида ташкил этилган, 2025 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолиятини бошлади.

Қувонарлиси шундаки, бугун айнан шу марказ мазмунан йирик, ғоявий жиҳатдан теран ва тарихий аҳамиятга эга ушбу китоб лойиҳасининг якуний босқичини амалга ошириш марказига айланди. Бу нафақат илмий ташаббус, балки Самарқанднинг глобал маданий майдондаги нуфузини янада мустаҳкамловчи маънавий ҳодисадир.

Тадбир доирасида “Самарқанд барча қитъаларда”, “Ўзбекистон ва Россия маданиятлари мулоқотида Самарқанд: мерос ва замонавият”, “Америка Самарқан диёнаси” номли тематик кўргазмалар ташкил этилди. Шунингдек, “Самарқанд ҳақида сўз — 2025” марафонининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу кенг қамровли лойиҳа Самарқанд шаҳар куни ҳамда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига бағишланган.

Тадбир давомида турли танлов ва грант лойиҳаларида муваффақиятли иштирок этган университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари тақдирланди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?