Нега касалхона, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида сўрамаяпсизлар — Актам Хаитов 

11:37 22 Декабрь 2020 Жамият
1080 0

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, OʼzLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитовнинг Деҳқонободнинг олис тоғ ён бағирларида жойлашган Боғчорбоғ ҳудудидаги «Чашмимирон» МФЙга қарашли қишлоқлардаги сайловчилар билан учрашуви ҳам жуда қизғин ва самимий суҳбатлар руҳида ўтиб, аҳоли вакиллари ўзларининг яшаш, турмуш шароитлари, уларни қийнаётган баъзи муаммо ва таклифларини айтиб ўтишди. Шунингдек, аҳоли вакиллари, оқсоқоллар депутатнинг жорий йилда тоғли қишлоқларга 4 марта келганини, қишлоқ врачлик пункти қуришга кўмаклашганини, аҳолининг дардини юзма-юз эшитиб, ҳуқуқий маслаҳатлар берганини ва янги йил арафасида, қиш-қировли кунларга қарамасдан ҳол-аҳвол сўраш, табриклаш, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун яна етиб келганидан миннатдор эканлигини билдиришди.

- Нега касалхона, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳақида сўрамаяпсизлар,- деди Актам Хаитов сайловчиларга қарата. –Сабаби, олдинги учрашувларда бу муаммо кўтарилган эди ва тегишли ташкилотлар орқали имкон қадар ҳал қилишга кўмаклашган эдик. Бугунги суҳбатимизда биринчи кўтарилган масала – қишлоқда кутубхона қуриш билан боғлик эканидан жуда мамнун бўлдим. Оқсоқоллар униб-ўсиб келаётган ёшларни билимли, салоҳиятли бўлиши учун жон койитаяпти, қишлоқда маданият ва маърифатни, маънавиятни юксалтириш учун қайғураяпти. Буни табриклаш керак, чунки Президентимиз олиб бораётган изчил сиёсат, ҳаётбахш ислоҳотлар энг чекка тоғ ҳудудларидаям ўзининг акс-садосини бераяпти.

Сайловчилар билан учрашувда ишсизлик муаммоси, нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси қуриш, аҳоли учун минерал ўғитлар савдо дўкони барпо қилиш, ёш оилаларга боғ яратиш учун субсидия ажратиш, Чашмимирон қишлоғи ички йўлларини таъмирлаш, ичимлик суви муаммосини ҳал этиш, ҳудуддаги 10-мактаб шарт-шароитларини яхшилаш, иситиш тизимини йўлга қўйиш, Чашмимирон қишлоғидаги касб-ҳунар коллежи биносини ўзбек тилига ихтисослашган мактабга айлантириш каби кўтарилган масалалар ўрганилиб, ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шу куни А. Хаитов Деҳқонободнинг Белибойли ҳудудидаги «Оқтош» маҳалла фуқаролар йиғини қишлоқларидаги аҳоли вакилллари билан учрашди. Бу қишлоқ аҳолиси тоғ-ён бағирларидаги фойдаланилмай турган ерларда боғ барпо қилиш талабгар ёшларга ер ажратиш масалаларида ёрдам сўрадилар.

-Оқтош қишлоғида «Ҳар бир ёшга бир гектар» тамойили асосида қишлоқ ёшларига 100 гектарга яқин ер ажратилиб, токзорлар барпо қилингани ўзининг самараларини бераётганидан жуда мамнунман,- деди А. Хаитов.-Сизлар шу ишларни давом эттиришни сўраяпсизлар. –албатта талабгар ёшлар бўлса, яна ер ажратиш бўйича тегишли ташкилотлар билан фикрлашамиз, муаммони ечишга ҳаракат қиламиз.

Оқтош қишлоғи оқсоқоллари ҳудуддаги бошқа бир қатор муаммолар ҳақида ҳам депутат билан суҳбатлашишди ва ҳуқуқий маслаҳатлар олишди. Энг муҳими, қишлоқ одамлари ўз ҳузурига келиб, улардан ҳол аҳвол сўраган, қўллаб- қувватлаётган халқ вакилига ўзларининг миннатдорлигини билдиришди.

Фахриддин Бозоров,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?