Навоий—Хитой қурилиш материаллари илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

15:27 03 Декабрь 2024 Жамият
352 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 31 октябрь — 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифида ҳудуднинг имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни таъкидлаб, вилоятга 2025 йилда 2,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этиш вазифаларини белгилаган эди. Етти йил аввал вилоятга йил давомида 12 миллион АҚШ доллари миқдорида хориж инвестицияси жалб этилганлигини инобатга олсак, белгиланган вазифа юксак масъулият ва изланишни талаб этиши табиий.

— Бугунги Ўзбекистон етти йил аввалгисидан кескин фарқ қилишини бутун дунё тан олмоқда, — дейди Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов. — Бу энг аввало мамлакатимиз инвестицион жозибадорлиги ошганлигида ўз аксини топган. Турли мамлакатларнинг ишбилармон доиралари тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, ўз бизнесини юритиш истагини билдиришмоқда. Биргина Навоий вилоятининг ўзини оладиган бўлсак, хорижий ҳамкорлар иштирокидаги корхоналар сони бугунги кунда 2017 йилга нисбатан қарийб эллик бараварга ошганлигини кузатиш мумкин. Бу биринчи навбатда мамлакатимиз раҳбари томонидан хорижлик инвесторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик олиб боришга нафақат изн, балки шарт-шароит ҳам яратиб берилганлигининг самарасидир.

Мазкур сиёсат самараси ўлароқ Навоий вилояти ҳокими бошчилигидаги ҳудуд ишбилармонлари доираси вакиллари айни кунларда Хитой давлатида бўлиб, сафарнинг дастлабки кунида Жиансу провинцияси Сучжоу шаҳрида 30 дан ортиқ компания раҳбарлари билан савдо ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган мулоқот ўтказишди.

Учрашувда Хитой компаниялари учун Навоий вилоятининг инвестицион имконият ва саноат салоҳияти тўғрисида тақдимотлар намойиш этилиб, компания вакилларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.

— Ушбу компаниялар томонидан Навоий вилоятида қурилиш материаллари, металлургия, электротехника ва машинасозлик саноати бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирилди, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. — Хусусан, “KMK Technology (Wuxi)” Co. Ltd томонидан каолин ва кварцни қайта ишлаш орқали кремний ишлаб чиқариш, “Zhengzhou Shengte Mechanical Equipment” Co. Ltd томонидан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳар хил турдаги электродвигателлари ишлаб чиқариш, “Jiangsu Lingchong Chuangxiang New Energy Technology” Co. Ltd томонидан электр автомобиллари учун зарядлаш ускуналари ҳамда электр энергиясини сақлаш қурилмалари ишлаб чиқариш ҳамда “Zhifu Environmental Protection Technology (Suzhou)” Co. Ltd томонидан хар ҳил турдаги саноат чиқиндиларини қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қизиқиш билдирилди.

Вилоят делегацияси Шанхай шаҳрида “Xinya Packaging Technology” Co. LTD компаниясида бўлиб, корхона фаолияти билан танишди.

Мазкур компания 1991 йилда ташкил топган бўлиб, озиқ-овқат, фармацевтика, косметика йўналишларида фаолият юритувчи корхоналарга қадоқлаш маҳсулотларини етказиш билан шуғулланади.

Корхона маҳсулотлари асосан Япония, Таиланд, Россия каби давлатларга экспорт қилинади. Бу компания маҳсулотларини BAYER фармацевтика компанияси, “McDONALDʼS” товарларининг қадоғи сифатида дунёга яхши таниш. Компания маъмурияти билан ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилиб, дастлабки келишувга эришилди.

Делегациянинг Шанхайдаги навбатдаги манзили “Shanghai Chaoqi” компанияси бўлди. Компания ҳаммом пардалари, девор стикерлари, озиқ-овқат қадоқлари, бир марталик идишлар, сақлаш пакетлари ва бошқа турдаги халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўз маҳсулотларини асосан Америка ва Канадага экспорт қилади ва Малайзияда ҳам ишлаб чиқариш корхонасига эга.

— Шанхайдаги учрашувларимизда “China Triumph International Engineering” Co., Ltd. компанияси делегациямизда катта қизиқиш уйғотди, — дея давом этади Э. Ғаффоров. — CTIEC бренди билан машҳур ушбу корхона Хитойнинг 1991 йилда ташкил этилган илмий-технологик хизматларга ихтисослашган йирик инженерлик компаниясидир.

CTIEC бугунги кунда дунёда шиша ишлаб чиқариш ва қуёш энергияси технологиялари бўйича етакчи ўринда туради. Компания раҳбарияти билан учрашувда томонлар Навоий вилоятида қурилиш материаллари, муқобил энергия ишлаб чиқариш, шунингдек, Навоий — Хитой қурилиш материалларига ихтисослашган илмий-тадқиқот марказини ташкил этишга келишиб олишди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, CTIEC компанияси турли тармоқларда, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергетика ва экологик инжиниринг соҳаларида муҳандислик лойиҳалаш, бош пудрат, маслаҳат бериш ва назорат хизматларини кўрсатади. Компания флоат-шиша ва фотоэлектрик шиша ишлаб чиқаришдаги инновациялари, бутун дунё бўйлаб юқори салоҳиятли шиша заводлари қуриш ва қуёш энергетикаси инфратузилмасини ривожлантиришдаги ҳиссаси билан машҳурдир.

2023 йилда компаниянинг даромади 40 миллиард долларни ташкил этди, бу унинг глобал муҳандислик ва қурилиш соҳаларидаги муҳим ролининг ифодасидир. CTIEC илмий тадқиқотлар ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратади, миллий ва ҳудудий лабораторияларни қўллаб-қувватлайди ҳамда барқарор ривожланиш бўйича халқаро лойиҳаларда иштирок этади.

Делегация аъзолари учун компания маҳсулотларининг тақдимоти ўтказилди.

Табиийки вилоят ишбилармонларининг Хитойга сафари якунлари хусусида бирор хулосага келишга ҳали эрта. Бироқ вилоятнинг табиий хомашё ресурслари ва салоҳиятли кадрлари хитойлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотганлиги шубҳасиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер