Навоийда омбудсман иштирокида очиқ мулоқотлар ва мониторинглар ўтказилди

Темур Эшбоев/«Халқ сўзи». Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятига амалий ташриф билан келиб, бир қатор мониторинг ва очиқ мулоқотлар ўтказди.
Мониторинг доирасида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларни олдини олиш миллий превентив механизми (МПМ) фаолияти доирасидаги Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари вилоятдаги бир неча пенитенциар муассасалар фаолиятини ўрганди. Хусусан, Навоий шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яратилган яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат, тергов ва адвокат хоналари ҳолати кўздан кечирилди.
Шунингдек, 11-сон Жазони ижро этиш колониясида маҳкумларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида ташкил этилган тўгараклар – тикувчилик, электриклик, асаларичилик, чорва ва паррандачилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш, инглиз тили каби йўналишлар фаолияти ўрганилди.
— Мазкур тўгаракларда касб ўрганиб, сертификат олган маҳкумлар 18 та цехда меҳнатга жалб қилинади, — дейди омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев. — Бу уларда масъулият ҳиссини шакллантириш ҳамда озодликка чиққанидан сўнг, ижтимоийлашувига ёрдам беради.
Мониторинг чоғида меҳнат шароитлари, овқатланиш таъминоти ва маҳкумлар билан суҳбатлар ҳам ташкил этилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда маҳкумлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Бундай тадбирлар 4-, 5- ва 12-сон Жазони ижро этиш колонияларида ҳам амалга оширилди.
Мониторингнинг яна бир манзили Навоий вилояти Наркология диспансери бўлиб, унда сақланаётган шахслар учун яратилган шарт-шароитлар, ётоқхоналар, ошхона, спорт заллари, дори воситалари ва санитария қоидаларига риоя этилиши ўрганилди.
Ташрифнинг иккинчи кунида Феруза Эшматова Нурота туманида «Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди. Туманнинг Амир Темур маҳалласидан бошланган тадбирлар давомида юз нафарга яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Тадбирга тумандан узоқдаги ҳудудлар учун вилоят шифокорлари ва мутахассислар жалб этилди.
Шу куни туман бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда 136 та ташкилот 214 та иш ўрни билан қатнашиб, 9 нафар фуқаро ишга жойлашди. 13 нафар иш изловчига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли кредит олиш борасида амалий ёрдам кўрсатилди.
Учрашувда омбудсман томонидан вилоят аҳолисининг долзарб муаммолари таҳлил қилинди. Қайд этилишича, 2024 йилда Навоий вилоятидан 745 та, 2025 йилнинг биринчи чорагида эса 118 та мурожаат келиб тушган. Улар орасида меҳнат ҳуқуқлари, бандлик, ижтимоий ва тиббий хизматлар, кредит олиш, уй-жой, алимент ва таълимга оид масалалар асосий ўрин тутган.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотда Олий Мажлис Сенати аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам иштирок этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг