Навоийда икки нафар, Қашқадарёда бир нафар 5-синф ўқувчиси B2 сертификатини қўлга киритди

11:28 16 Январь 2026 Жамият
341 0

Хабарингиз бор, мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда чет тилидан B2 сертификати бор бўлган абитуриентларга имтиҳондан олдин максимал балл берилади.

Қолаверса, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун ҳам камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатини олиш мажбурий бўлади. Буни қарангки, шу каби юқори натижани юртимиз мактабларидаги 5-синф ўқувчилари ҳам биринчи уринишдаёқ қайд этмоқда.

Хусусан, Навоий шаҳридаги 22-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Исломбек Мансуров инглиз тили бўйича Миллий сертификат имтиҳонини илк уринишда муваффақиятли топшириб, B2 даражасини олди. Бу ёш жиҳатдан Навоий вилоятида энг яхши натижалардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, «Thompson International School» нодавлат мактабининг 5-синф ўқувчиси, навоийлик Эргашева Ясмина ҳам ёш бўлишига қарамай, бундай юқори натижага эришган навбатдаги жажжи билимдонлардан бири бўлди.

Қувонарлиси шундаки, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабнинг 5-синф ўқувчиси Мунаввар Нуралиева ҳам тенгдошларидан ортда қолмади. У ҳам ўзининг биринчи уринишидаёқ инглиз тили бўйича B2 сертификатини қўлга киритди.

Юқоридаги натижалар ёшларимизда чет тилларига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётгани, уларга керакли имкониятлар яратиб берилиб, тўғри йўналтирилса, меҳнат ва шижоат билан ҳар қандай чўққини забт этиш мумкинлигини исботламоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер