Наманганда тиббиёт бўйича халқаро анжуман иш бошлади

16:00 24 Октябр 2025 Жамият
277 0

“Травматология ва ортопедия муаммоларини ҳал қилишда янги йўналишлар” мавзусидаги халқаро конференция Наманган шаҳридаги “Маърифат маркази”да ўтказилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўтказилаётган ушбу нуфузли анжуманда маҳаллий мутахассислар билан бирга Италия, Россия, Туркия, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Беларусь ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 270 дан ортиқ делегатлар, 60 нафардан зиёд етакчи олимлар, жарроҳ ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этмоқда.

Конференция аввалида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Муроджон Ирисметов сўзга чиқиб, унинг илмий ва амалий аҳамияти, соҳани ривожлантиришдаги роли нечоғлик муҳимлиги ҳақида тўхталди.

Тадбир дастурига кўра, хорижий олим-шифокорлар икки кунлик конференция давомида тақдим этадиган маърузаларида соҳа олдида турган қатор долзарб масалалар юзасидан янги ташаббус ва амалий таклифларни илгари суради.

— Ўзбекистон травматолог-ортопедларининг илмий-амалий анжуманига россиялик бир қатор ҳамкасбларимиз барвақт етиб келишган эди, — дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, профессор Искандар Хожиев. — Санкт-Петербургдан ташриф буюрган тиббиёт фанлари докторлари Ольга Евгеньевна Агранович, Игорь Александрович Комолкин бир неча кундан буён Намангандаги болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма ва орттирма шикастлардан азият чекаётган кичик ёшдаги беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, даво муолажалари белгиламоқда, жарроҳлик амалиётини тақозо этган туғма ва орттирилган шикастларни оператив даво йўли билан бартараф этмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугун ва эртага давом этадиган конференция дастури доирасида бошқа мамлакатлардан келган тажрибали мутахассислар томонидан 100 нафардан зиёд туғма кўкрак деформацияси аниқланган болалар операция йўли билан даволанади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер