Наманганда халқаро зотдор ҳайвонлар ва паррандалар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
«Ёшлик барака» бозори ноёб қушлар, вазни оғир қўйлар, зотдор уловли отларнинг кишнашига тўлган. Минглаб меҳмонлар эса гўё табиатнинг энг сара намуналарини жамлаган жонли музейда бўлгандек ҳаяжон билан айланиб юришибди.
Янги Наманган туманидаги «Ёшлик барака» бозори ҳаммани бир манзилда жамлади. Ана шу ғайриоддий шовқин-сурон орасида учинчи бор ўтказилаётган Наманган халқаро зотдор ҳайвонлар ва паррандалар кўргазмаси бошланди. У барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, охирги йилларда юртимизда Президентимиз бошчилигида туризм ва чорвачилик йўналишларига қаратилган эътибор туфайли халқаро миқёсдаги тадбирлар сони кескин ортганини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, бу кўргазма фақатгина маҳсулотлар намойиши эмас, балки тадбиркорлар, фермерлар ва инвесторлар учун ҳамкорлик имкониятлари, келажак режалари ва янги ғоялар майдони сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Вилоятда чорвачилик йил сайин жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўзида қорамол бош сони – 12,1 фоизга, қўй ва эчкилар – 11,4 фоизга, паррандалар – 44,3 фоизга ошгани қайд этилди. Айниқса, наслчиликка берилган жиддий эътибор ўз самарасини яққол кўрсатмоқда.

Кўргазмада ҳам бу рақамлар амалий исботини топди. Майдонда юздан зиёд зотдор от, туя ва қорамоллар, ноёб қўй-эчкилар ҳамда турли туман паррандалар намойиш этилмоқда. Меҳмонлар ҳар бир жониворнинг зоти, имконияти ва қиймати билан яқиндан танишмоқда.
Бу йилги кўргазманинг энг кўзга кўринган кульминацион нуқтаси 70 минг долларлик улоқчи от ҳамда 5 минг АҚШ доллар баҳоланган Арашан зотли қўй бўлди. Уларнинг ташқи кўриниши, зот хусусиятлари ва жисмоний имкониятлари кўпчилик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир халқаро статусга эга бўлгани боис, унда қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам чорвачилик соҳаси вакиллари қатнашмоқда. Улар ҳам ўзининг энг сара зотдор ҳайвонларини олиб келиб, тажриба алмашмоқда ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилмоқда.

Кун давомида ўтказиладиган танловлар якунида турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади. Уларга махсус дипломлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилади.
Наманганда ўтаётган бу кўргазма нафақат чорвачилар, балки туризм, тадбиркорлик ва инвесторлар учун ҳам улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Юзлаб зотдор ҳайвонларнинг бир жойда намойиш этилиши, халқаро тажриба алмашуви ва соҳа ривожига қаратилган янги ғоялар барчаси тадбирнинг аҳамиятини янада орттиради.
Улуғбек Рўзиматов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Телеканаллар, радио ва ижтимоий тармоқлардаги айрим рекламаларга ишониб қолманг — Рақобат қўмитаси огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг