Наманганда 3,6 миллиард сўмга маданият маркази таъмирдан чиқарилди

11:56 11 Апрель 2023 Маданият
1073 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилояти Косонсой туманидаги Чиндовул қишлоғининг “Учқўрғон” маҳалласи кўркига – кўрк қўшган бу бино яқиндагина ҳам анчагина кўримсиз аҳволда бўлиб, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келганди. Бугун у бутунлай янги қиёфа касб этган. Боиси, 3,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Бу жой эндиликда аҳолининг мароқли ҳориқ чиқариши, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, санъатнинг ўзлари қизиққан йўналишларича маҳоратларини оширишга хизмат қилувчи масканга айланади. Чунки, бинода 300 ўринли томошалар зали, ўндан ортиқ машғулот хоналари бор. Тўгараклар фаолиятини ташкил этиш учун марказга 180 миллион сўмлик мусиқа асбоблари туҳфа қилинди.

- Янгиланган ва барча қулайликларга эга марказ нафақат “Учқўрғон” маҳалласи, балки, ён атрофдаги “Ширинбулоқ”, “Замондош” аҳоли истиқоматгоҳлари фуқаролари учун ҳам севимли масканга айланади, -деди иншоотнинг очилиш маросимида сўз олган Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров. – Биз бу ерда маданий-маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, ижодий тўгараклар фаолиятини кучайтириш орқали аҳоли барча қатламларини қамраб олишни мақсад қилганмиз. Айниқса, ёшлар ўртасида “Беш ташаббус” тадбирлари янада изчил тус олади.

Фото: Халқ сўзи

Янгиланган марказ тақдимоти катта байрамга айланди. Унда туман маданият бўлими истеъдодлари томонидан намойиш этилган дастур томошалар залидаги дастлабки бадиий чиқиш сифатида тўпланганлар кўнглини шод этди.

Маълумот учун, Наманган вилоятида айни пайтда 80 дан зиёд маданият марказлари мавжуд бўлиб, кейинги пайтда  уларнинг 45 таси мукаммал таъмирдан чиқарилиб, замонавий қиёфага киритилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер