Наманган вилояти: иқтисодий тараққиёт билан — ижтимоий фаровонлик сари

15:07 25 Март 2024 Жамият
1048 0

Ўз салоҳиятини дунёга намойиш этаётган Янги Ўзбекистоннинг шиддатли одимлари ҳудудларда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг натижадорлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Буни биргина иқтисодиётнинг барча жабҳасида мунтазам ўсишга эришаётган Наманган вилояти мисолида ҳам кузатиш мумкин.

Бугунги кунда уч миллион нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган минтақадаги янги давр манзаралари шаҳар ва қишлоқлар жамоли, иқтисодиёт ривожи, эзгу ниятли вилоят аҳлининг юқори кайфиятида яққол кўзга ташланади.

Эришилаётган натижалар негизида давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоятнинг хусусияти ва имкониятидан келиб чиқиб, янги корхоналар ташкил этиш, ишчи ўринлари яратиш, бунёдкорликнинг барча йўналишига оид топшириғига асосан амалга оширилаётган комплекс ишлар турибди.

Ўттиз фоиз ўсишни таъминлаган йирик лойиҳа

Аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш — иқтисодий жабҳадаги ислоҳотлар ва ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар кўлами билан бевосита боғлиқ. Вилоятда хорижий инвестицияларни жалб этиш баробарида, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш жадал ўзлаштирилиб, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини тобора кўпайтириш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бунда йирик ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларининг истиқболли лойиҳалари давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, ижроси учун зарур шарт-шароит яратиб берилиши улкан самара бермоқда.

— Ишни кичик цех устахонасида бошлаган давримизни яхши эслайман, — дейди Наманган шаҳридаги «Fazman textilе» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Неъматжон Фатхиддинов. — Якка тартибдаги буюртма асосида либослар тикардик. Хомашё, замонавий дастгоҳлар, бозордан ўрин топиш масаласида кўп қийинчиликлар учраган. Баъзан носоғлом рақобат, бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келарди. Энди ҳаммаси ортда қолди. Айниқса, кейинги беш-олти йилда барқарор ривожланиш йўлига тушиб олдик. Кейинги пайтда 20 миллион АҚШ доллари қийматидаги навбатдаги лойиҳамиз ниҳоясига етказилиши билан имкониятларимиз кескин ортганини таъкидлаш лозим. Учинчи корхонани маҳсулотимизга ортиб бораётган экспорт талабидан келиб чиқиб бунёд этдик. Бутун МЧЖ бўйича яратилган иш ўринлари сони мингтага яқинлашиб қолди.

Эндиликда Наманганнинг йирик текстиль субъектларидан бирига айланган ушбу корхона аҳли учун ўтган йилнинг февраль ойи бир умр ёдда қолади. Давлатимиз раҳбари вилоятга аввалги ташрифи чоғида бу ерда яратилган ишлаб чиқариш салоҳияти, меҳнат жамоаси учун ҳозирланган шарт-шароитлар билан танишиб, тикувчилар фаолиятига юқори баҳо беради.

Самимий эътироф тикувчиларни янада юксак марралар сари илҳомлантирди. Буни, жумладан, лойиҳа кейинги босқичига мувофиқ бунёд этилган янги корхонани замонавий технологик ускуналар билан жиҳозлаш ниҳоясига етказилиб, қўшимча юзта иш ўрни яратилгани, босқичма-босқич қувватга эришилаётганида кўриш мумкин.

Пировард натижа ҳам шунга яраша — ярим миллион донадан кўпроқ бежирим костюм шим тикилиб, бир йилнинг ичида 30 фоиз ўсишга эришилди. 475 миллион АҚШ долларига тенг экспорт амалиётлари бажарилди. Унинг 1,5 миллион долларига тенг қисмини германиялик ҳамкорлар харид қилишди.

Бу сингари ўсиш суръатлари бутун вилоят саноатида ҳам кузатилаётгани кишини қувонтиради. Ўтган йили соҳадаги корхоналар сони 4909 тага етиб, улар томонидан 20,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Эришилган кўрсаткич 2019 йилдагига нисбатан 11,7 триллион сўмлик ёки икки баравардан кўпроқ ортиқлиги диққатга сазовордир.

Кичик бизнес учун катта майдон

Давлат раҳбарининг бултур вилоятга ташрифи манзилларидан бири — «Баркамол авлод» кичик саноат ва тадбиркорлик зонаси қисқа вақт ичида 46 та лойиҳа ташаббускорини бағрига олди. Ўн гектар майдонда жойлаштирилган 250 миллиард сўм қийматдаги ушбу лойиҳаларнинг салмоқли қисмини текстиль ва тўқимачилик корхоналари ташкил этади, улар сони — 20 та. Қурилиш материаллари, мебелсозлик йўналишида 15 та лойиҳа, бундан ташқари, чарм пойабзал, кимё маҳсулотлари тайёрлашга киришган тадбиркорлик субъектлари ҳам бор. «Сифат ёғоч саноат» масъулияти чекланган жамияти бу ерда дастлаб фаолият бошлаган корхоналардан.

— Узоқ вақт ижарага олинган биноларда ишлаб келдик, — дейди МЧЖ раҳбари Баҳодир Ҳалилов. — Кичик саноат зонасида қулай ишлаб чиқариш инфратузилмаси мавжуд, ундан унумли фойдаланиб, кутилган натижага эришиш қийин эмас. — Президентимизга ўз жойимизга эга бўлганимиздан сўнг йилига 1 минг 200 дона мебеллар тўплами ишлаб чиқариш қувватлари яратилгани, маҳсулотнинг 58 фоизи экспортга чиқарилиши, ёғоч ўймакорлиги усулида яратилаётган дарвоза ва сўриларга Араб давлатлари ҳам қизиқиш билдираётгани, келгусидаги режалари ҳақида гапириб бергандим. Эндиликда режаларимиз натижага айланган.

Устки кийимлар тикишга ихтисослаштирилган «Balanse teks» МЧЖ раҳбари Аваз Нишонов ҳам бизнесини йўлга қўйиш учун кафолатланган жой топилганидан мамнун. Унинг 150 кишилик меҳнат жамоаси бу ерда фаолият бошлагандан сўнг 28 миллион дона куртка тикиб, истеъмол бозорига чиқарди.

Мазкур саноат зонасининг ишга туширилиши нафақат «Баркамол авлод» МФЙ, балки яқин атрофдаги Яккатут, Янги ҳаёт, Обжувоз, Лола, Чаман сингари маҳаллалардан 4,5 мингга яқин ёшларни муқим меҳнат жойлари билан таъминлаш имкониятини яратгани билан эътиборга молик.

Умуман олганда, айни пайтда вилоят бўйича кичик саноат зоналари 72 тага етказилиб, уларга 6 триллион сўм қийматдаги 925 та лойиҳа жойлаштирилган. Бу билан якунланган йилда 5,3 триллион сўмлик ёки вилоят жами саноатининг 25,6 фоизи миқдорида маҳсулот ишлаб чиқаришга муваффақ бўлинди. Республиканинг бошқа ҳудудлари билан таққослаганда бу кичик кўрсаткич эмас ва бизнес ташаббусларни тизимли қўллаб-қувватлашнинг Наманган тажрибаси яратилганлигини тасдиқлайди.

Талаба қизнинг таклифи — амалда

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи пайтида Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани» фаолияти билан яқиндан танишиб, бу ерда бир гуруҳ ёшлар билан мулоқот қилган, айни жараёнда келажагимиз эгалари фаоллигини оширишга йўналтирилган лойиҳа ва ташаббуслар ўртага ташланган эди.

Унда иштирок этган Наманган муҳандислик қурилиш институти транспорт факультети талабаси Ойшахон Қодирова Президент билан юзма-юз учрашувдан фойдаланиб, дилидаги фикрларини айтади. Бу иқтидорли талаба илмий изланишларининг дастлабки натижаси сифатида ёзилган «Бионика» номли китоб ҳақида эди. Нашрда кибернетиканинг тирик организмлар тузилиши ва фаолиятини ўрганиш асосида техника муаммоларини ҳал этишнинг айрим масалалари ҳақида сўз юритилган. Ойшахон ушбу соҳани Ўзбекистонда кенгайтириш учун, масалан, Наманган шаҳрида инновацион ривожланиш агентлигининг махсус лаборатория марказини ташкил этиш таклифини қўяди.

Президентимизга маъқул тушган бу таклиф ўтган йил охирига келиб, тўла амалга ошади. Эндиликда ташаббускор қиз таҳсил олаётган институтда Олий таълим ва инновациялар вазирлиги томонидан ажратилган 1,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига замонавий робототехника воситалари билан жиҳозланган махсус лаборатория ташкил этилган. Бу ерда Ўзбекистон учун янги ҳисобланган бионика йўналишида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Икки нафар ўқитувчи ва икки нафар талаба изланиш билан банд.

— Ногиронлар учун ҳаракатлана оладиган протез қўл ва кўршапалакдан андоза олган ҳолда автотранспорт ҳайдовчилари учун 40-50 метр масофадан олдинда пиёда борлигидан огоҳлантирувчи кўрсатиш қурилмасининг дастлабки нусхасини яратдик, — дейди О. Қодирова. — Яқин вақт ичида асаларининг ҳид билишини техникага кўчириш, жонзотлар ҳужайрасининг техник вариантини ишлаб чиқариш лойиҳаларига киришамиз.

Давлатимиз раҳбаридан мотивация олган талабанинг бугун қувончи чексиз. Битирувчи сифатида Бионика бўйича танлаган диплом ишини ҳам ниҳоясига етказяпти. Унинг таклифи билан барпо этилган лабораторияда эса институтнинг изланувчан талабалари, умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари робототехника сир-асрорларини иштиёқ билан ўрганишмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ («Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?