Муҳим дастурий ҳужжат ва Самарқанд шаҳрини модернизация қилиш масаласи муҳокама қилинди
Бугун, 20 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида мамлакат тараққиётининг янги босқичидаги устувор йўналишларни белгилаб берувчи муҳим дастурий ҳужжат — 2026−2030 йилларга мўлжалланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг янгиланган лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.
Сенаторлар ва экспертлар иштирокида бўлиб ўтган муҳокамада таъкидланганидек, 350 дан ортиқ давлат органлари ва илмий марказлар таклифлари асосида такомиллаштирилган ушбу лойиҳа аввалги стратегиялардан ўзининг аниқ натижадорлиги ва рақамлаштирилган мезонлари билан тубдан фарқ қилади.
Хусусан, ҳужжатдан баҳолаб бўлмайдиган 130 та умумий шиор ва вазифалар чиқариб ташланди. Эндиликда ҳар бир мақсад «инсон қадри учун» тамойили асосида йиллар кесимида тақсимланган бўлиб, 60 га яқин вазирлик ва идоралар фаолияти алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳоланиши белгиланди.
Қўмита мажлисида стратегик мақсадларни ҳудудий даражада амалга оширишнинг узвий давоми сифатида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш ҳамда Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Самарқанд шаҳрини «миллионли шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилмоқда.
Чегаралар ўзгартирилиши ҳисобига Самарқанд шаҳри ҳудуди 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгайиб, янги инвестиция ва қурилиш лойиҳалари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Самарқанд шаҳрининг кенгайган ҳудудида янги туристик лойиҳалар, ўйин майдонлари, аквапарк, ҳаво шарлари, истироҳат боғлари каби кўнгилочар туризм ва дам олиш масканлари ташкил этилиши, янги яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказлари қурилиши режалаштирилган.
Сенаторлар ўз чиқишларида таъкидлаганидек, мазкур ислоҳотлар Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «одамларни ҳаётдан рози қилиш» тамойилининг амалий ифодаси сифатида Самарқанднинг халқаро мегаполис нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- 1 март — Зулфия таваллуд топган кун. «Бугун тунда келармиш баҳор»
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Prix Versailles талқинига кўра 2026 йилнинг дунёдаги энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди
- Эндиликда йўловчи божхона декларациясини мобил илова орқали электрон шаклда топшириш мумкин
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг