Муҳаммад Хоразмийдан Заҳириддин Муҳаммад Бобургача: Euronews ва CNN талқинида замонавий дунёни англаш учун муҳим ўн маърифатпарвар шахс

19:35 15 Декабрь 2025 Жамият
287 0

“Euronews” ва CNN халқаро телеканаллари томонидан амалга оширилаётган “Маърифат акс-садоси” лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг ўн нафар буюк тарихий шахсиятига бағишланган видеороликлар туркумининг намойиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан амалга оширилмоқда.

Мазкур ташаббус Марказий Осиё заминида шаклланган бой интеллектуал ва маънавий меросни халқаро жамоатчиликка замонавий форматда тақдим этишга қаратилган. Видеолойиҳада тарихий воқеалар ва илмий мерос кенг аудитория учун тушунарли, визуал ва таҳлилий услубда ёритилади.

Лойиҳанинг ҳикоячиси сифатида “Оскар” мукофоти соҳиби, жаҳон миқёсида таниқли актёр Бен Кингсли иштирок этмоқда. Унинг овози орқали берилаётган ҳикоялар лойиҳанинг халқаро таъсир доирасини янада кенгайтиради ҳамда мураккаб тарихий ва илмий масалаларни жаҳон томошабинига яқинлаштиради.

Видеороликлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган. Ушбу шахслар математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, санъат ва давлатчилик тафаккури ривожида ҳал қилувчи ўрин тутган алломалар сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим аҳамият касб этади.

— “Маърифат акс-садоси” лойиҳаси — ўтмиш ҳақидаги ҳикоя эмас, балки келажак билан маъноли мулоқот. Бизнинг вазифамиз — Марказий Осиё заминида шаклланган, жаҳон илми, маданияти ва инсон тафаккури тараққиётига ҳал қилувчи таъсир кўрсатган цивилизацияларни, шахсиятлар ва кашфиётларни дунёга қайтариш. Ушбу лойиҳани амалга ошириш Давлат раҳбари топшириқларига мувофиқ белгиланган вазифаларни бажаришдаги яна бир муҳим қадамдир, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

Лойиҳа орқали замонавий цивилизациянинг кўплаб асосий ғоялари Европа университетлари вужудга келишидан анча олдин Буюк Ипак йўли ҳудудларида шакллангани илмий ва маданий жиҳатдан асослаб кўрсатилади. Бу эса Марказий Осиёнинг инсоният тараққиётида тутган ўрнини қайта англашга хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?