Мирзо Улуғбек изидан, забардаст олим, жонкуяр устоз ва меъмор
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг “университет” мақоми берилганининг 2 йиллигига бағишланади.
Аждодлар изидан бориш ўзбек халқининг азалий анъаналаридан ҳисобланади. Ўтмишда билим ва тажрибалар устоз-шогирд тизими асосида устозлардан шогирдларга ўтиб келиб, йиллар давомида ушбу билим ва тажрибалар бойитилган, кенгайтирилган ва сайқалланган. Собиқ шўролар даврида миллий меъморчиликнинг назардан тушганлиги, шаҳарларни ривожлантиришда Европа классик анъаналарининг қўлланилганлиги, ундан кейинги даврларда интернационал услубининг ривожлантирилганлиги, миллий шаҳарсозлик ва меъморий анъаналаримизнинг йўқолиб кетганлигини кузатамиз. Ушбу анъаналарнинг билимдони устоз-меъмор, архитектура доктори, профессор Ахмедов Муҳаммад Қосимович меъморчилик соҳасининг кўплаб йўналишларида йўқолган ва эсдан чиқарилган анъаналар ва усулларни қайта тиклашда жонбозлик кўрсатган ва уни шогирдларга мантиқан тўғри талқин қилишда ўз билимларини аямаган устоз ҳисобланадилар. Устознинг айниқса Ўрта Осиё шаҳарсозлигида ансамблсозлик анъаналарининг келиб чиқиши ва ривожланиши йўналишида кенг илмий изланишлар олиб бориб, катта меъморий мактаб яратганлар. Тарихий обидаларнинг қурилиш сирларини чуқур билган устоз, нафақат биноларнинг, балки уларни мажмуа тарзида ўзаро уйғунлашган ҳолда, тарихий шаҳарлар қиёфани шаклланишида алоҳида ўрнини теран англаб, унинг сирларини шогирдларига атрофлича етказишга ҳаракат қилганлар. Устоз нафақат меъморий обидаларни тарихи билан балким замонавий шаҳарсозлик ва меъморчиликни ушбу обидалар билан уйғунлаштириш масалалари билан ҳам шуғулланган. Мажмуаларнинг тузилиши ва уларнинг атроф муҳит ва ўзаро ансамбл ташкил этиши, шу билан бирга изланишлар натижаларини ишлаб чиқаришга, яъни реал лойиҳаларга татбиқ этган олимлардан ҳисобланади. Бугунги кунда устозга талабалик даврлардан шогирд тушиб, у кишининг ишларини давом этиб келаётган ўнлаб шогирдлар қаторида мақола муаллифлари ҳам ўз билим ва тажрибаларини ўз шогирдларига бериб келмоқдалар.
М.Қ. Ахмедовнинг илк йирик ишларидан бу Қўшработ туман бош тарҳи ва туман марказини лойиҳаси эди. 1978 йил Самарқанд вилояти ижроия қўмитасининг фармони ва қарори ҳамда СамДАҚИ ректорининг буйруғига асосан Самарқанд вилоят Қўшработ туман марказини лойиҳалаш бўйича туман марказини бош тарҳини устоз раҳбарлигида бажардик ва кейинчалик ушбу лойиҳа 1979 йилда тасдиқланди. Туман марказини лойиҳалашда ўзига хос миллий анъаналар, иқлимий ва миллий урф-одат, халқ меъморчилиги услублари қўлланилган. Лойиҳа асосида Қўшрабодда жойлашган сой ва кўл атрофи юқори даражада ободонлаштирилган бўлиб, боғ-парк тизими яратилган. Лойиҳадаги марказий қисм батафсил режалаштирилган бўлиб, ҳозирги замонда бинолар халқ хизматига фаолият кўрсатмоқда. (1,2-расмлар)
1995 йилда Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонида “Мирзо Улуғбек маркази” халқаро лойиҳа танловига устоз бошчилигидаги лойиҳамиз билан қатнашиб, жюри эътиборига сазовор бўлиб, ушбу лойиҳа матбуотда эълон қилинган эди. Танлов ташкилотчиси пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг 37 – авлоди бўлмиш Оға-хоннинг жамғармаси эди. Лойиҳанинг ўзига хослиги ва диққатга сазовор жиҳатлари шундаки, бино ва иншоотлар Ўрта Осиё миллий меъморчилигига хос бўлган ансамбл ва комплекс йўналишида ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳада Амир Темур бобомизнинг арки “Тепа қўрғон” қисман қайта қурилиши ҳамда Амир Темур тахти юксак намуна сифатида жимжимадор олтин зарҳал билан ишланиши кўзга тутилган эди. Регистон кўчаси ер остига олиниб, Амир Темур мақбарасидан бошлаб, Регистон, Биби Хоним ва Республикамиз биринчи Президенти қўним топган жойлар, Шоҳи Зинда мажмуасигача пиёда сайр қиладиган хиёбонлар от-арава, “извош”, кичик электромобиль ва карвейерлар билан жиҳозланиб, лойиҳаланган. Бу ердаги чашмалар қайта қурилиб, сув ҳавзаси ташкил қилиниб, ҳудудга миқроиқлим яратиш чоралари кўрилган. Лойиҳадаги яна бир диққатга сазовор жойи шундаки устознинг устозлари М. С. Булатов яратган Улуғбек обсерваториясининг график қайта тикланган лойиҳаси музей сифатида жойлаштирилган бўлиб, бу устознинг ўз устозига бўлган ҳурмат ва эҳтиромини билдиради ва устоз-шогирд анъаналарининг қайта тикланганлигининг намунаси ҳисобланади.
1993 йилда “Oxford center for Islamic studies” — Исломни ўрганиш маркази (Буюк Британия, Лондон) Имом ал-Бухорий меъморий мажмуа марказини лойиҳалаш бўйича бешта давлат етакчи меъморларига буюртма-танлов эълон қилди ва улардан бири М.Қ. Ахмедов эдилар. Имом ал-Бухорий маркази лойиҳаси устознинг докторлик диссертацияларини ишлаб чиқаришга бевосита татбиқ этиш лойиҳаси эди. Ушбу лойиҳада меъморий ансамблсозлик йўналиши тўлиқ татбиқ этилган бўлиб, Мадина шаҳридаги Масжиди Набавиянинг баъзи элементлари қўлланилган (масалан, ер-ости транспорт урбанизацияси). Кейинчалик бу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов назарига тушиб, шу лойиҳалар асосида қурилишни амалга ошириш кераклиги кўзда тутилган эди. Афсуски, баъзи бир амалдорларнинг ишлари туфайли вариант ўзгартирилиб қурилди. Агар ўша лойиҳа қурилганда, бугунги кунда ҳамма биноларни йиқитиб, қайта қурилмаган бўлармиди. (4,5-расмлар)
Самарқанд шаҳрида жойлашган “Чокар Диза” қабристони мотрудия тариқатининг асосчиси Имом Абу Мансур ал-Мотурудий қўним топган жой ҳисобланади. Ушбу масканни топиб, мемориал мажмуа қуриш топшириғи берилган эди. Бу масалада кўп тадқиқотлар олиб борилди ва Имом ал-Мотурудийнинг қабрларининг жойи аниқланиб, “Аждодлар мемориали” барпо этилди. Бу лойиҳада миллий меъморчилигимизнинг ансамблсозлик анъаналари қўлланилди ва кейинчалик Имом ал-Мотурудийга бағишлаб фақатгина мақбара қурилди. Устоз бу лойиҳага “Аждодлар мемориали” деб ном қўйдилар, чунки бу кўҳна Самарқандда Имом ал-Мотурудийдан бошқа қанчадан-қанча пирлар, устодлар фаолият кўрсатиб шу қабристонда қўним топган. (6,7-расмлар)
2007 йилда Европа андозаларига мос Университет 3.0 талабларига асосан Қозоғистонлик тадбиркор буюртмаси билан Қозоғистон Республикаси Актау шаҳрида тадбиркорлик университети мажмуаси 25 Га жойда устоз раҳбарлигида ишлаб чиқилди. Лойиҳалаш жараёнида ижодкорлар олдига қўйилган ажратилган ҳудуд муҳитини шаҳарсозликдаги социал, иқлимий экологик ва ҳажмий-фазовий ечимлар тўлалигича илмий асосланган ҳолда ечилган бўлиб, бино ва иншоотлар уйғунлик ва мутаносиблик жиҳатдан ансамбл туркумида, ҳудуд максимал ободонлаштирилган, микроиқлим яратиш учун ўртада сув ҳавзаси ва кўкаламзор майдонлари умумий майдоннинг 50% ни ташкил этиб, экологик муаммо ечилган (8-расм).

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А. Каримовга бағишлаб, Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳайкал мажмуаси яратиш бўйича танлов эълон қилинди. Бу танловда устознинг қимматли маслаҳатларини олиб, Самарқанд шаҳри Регистон майдонида ансамблга мос комплекс яратилди. Лойиҳанинг асосий ғояси Ислом Каримовнинг Ўзбекистонни ривожлантиришнинг беш тамойиллари яъни “Ўзбек модели” акс эттирилган монумент яратиш бўлиб (9-расм.), композиция марказида Ислом Каримовнинг жадал олдинга ҳаракатланиб келаётган ҳайкали ва орқасида Ўзбекистоннинг мустабид давридан ҳозирги замонгача бўлган даврлар акс этган музей мажмуаси, ҳажмий-фазовий кўринишидаги аркалар орқали акс эттирилган. Аркаларнинг босқичма-босқич ярим айлана шаклдан миллий аркаларга шаклини ўзгартирилгани — миллий анъаналаримизнинг қайта тикланиши ва миллий ўзлигимизнинг қайта тикланганлигининг тимсоли ҳисобланади. Лойиҳа ўрин олмаган бўлса ҳам, мутахассислар эътирофига сазовор бўлиб, оммавий ахборот воситаларига талқин қилинди.
9 март 2023 йил Ўзбекистон 24 телеканалининг махсус репортажида Амир Темур ва темурийлар маънавияти ва маърифати кўрсатувида СамДАҚУ профессори А.С. Уралов раҳбарликларида бажарилаётган илмий ишлар талқин қилиниб, у даврдаги меъморчиликда туркум бинолар, меъморий гулдаста, яъни ансамблсозлик анъаналари ривожланганлиги эътироф этилди. Бу эса устоз М.Қ.Ахмедовнинг илмий йўналишларининг давом этаётганлигидан далолат бериб, биз шогирдлар у кишининг етолмаган чўққиларига эришамиз. Бундан ташқари устоз таълим берган қанчадан-қанча шогирдлари бутун дунё бўйлаб ижод қилиб замонавий инновацион бино ва иншоотларни барпо этиб халқлар олқишига сазовор бўлиб келмоқдалар. Бунга мисол қилиб ҳозирги пайтда университет қошида устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ дуал таълим тизими жорий этилиб, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Университет доценти С.Б. Маноев раҳбарлигида талабалар билан “Навбоғчиён” маҳалла маркази 2023 йилда қурилиб ишга туширилган. (10-расм).
Университетнинг “Архитектура” кафедраси қошида “Шаҳарсозлик” илмий-тадқиқот марказида доцент в.б. Рауф Зоиров ва Саида Нажмиева раҳбарлигида талабалар халқаро танловларга ўз ижодий ишлари билан қатнашиб, юқори ўринларга сазовор бўлмоқдалар. (11-расм)
Катта ўқитувчи Хамза Абдиев раҳбарлигидаги талабалар жамоаси бино ва иншоотлар макетини ясаш билан шуғулланиб, шаҳар ва вилоятда ўз ўринларига эга. (12-расм)
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети 1966 йилда ташкил этилганидан бери Марказий Осиёда ягона олийгоҳ сифатида бутун Совет иттифоқидан мутахассислар жалб этилган ва бутун иттифоқ шаҳарларидан талабалар таҳсил олишган. Ҳозирда университет ўзининг янгича замонавий таълим йўналишларини ўқув жараёнига татбиқ этиб, ягона олийгоҳ сифатида замонавий фанлар, яшил архитектура, шаҳарсозликда реновация, BIM технологиялари ва бошқа замонавий фанлар бўйича кредит-модуль тизими асосида дарслар ўзбек, рус ва инглиз тилларида, чет эл мутахассисларини жалб қилган ҳолда юқори даражада олиб борилмоқда. Ўқув жараёнида устоз-шогирд анъаналари миллий меъморчиликда шаклланган анъаналарни узвий давом эттирилган ҳолда замонавий меъморий мажмуалар лойиҳалари яратилмоқда. Келажакда таълим тизимини Марказий Осиё ҳамда жаҳон мамлакатларига интеграция қилинишини ва университет рейтингини юксалтириш мақсадида бошқа тилларда ҳам дарс жараёнларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Бахрон Маноев,
СамДАҚУ доценти в.б.
Саид Маноев,
СамДАҚУ докторанти, доцент, (Phd)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг