Миллий кино санъатимизнинг янги саҳифаси

Маълумки, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи саҳифаларини холис, атрофлича ўрганиш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, юртимиз тараққиёти солномасида ўзидан ёрқин из қолдирган атоқли алломалар, адиб ва мутафаккирлар, машҳур ҳукмдор ва ҳарбий саркардаларнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини илм-фан, адабиёт ва санъат воситалари орқали кенг ёритиш, шу тариқа ёшларимизни аждодлар меросига ҳурмат ва садоқат, юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Эътиборли жиҳати, бу борада кино санъатининг таъсирчан ва жозибали кучидан унумли фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда 2024 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ушбу ҳужжатга асосан “Тирик тарих” деб номланган йирик лойиҳа доирасида миллий кино санъатимиз тарихида илк бор бадиий, бадиий-публицистик, қисқа метражли, ҳужжатли, анимацион фильм ва сериаллардан иборат жами 54 та кино асар яратиш устида кенг кўламли иш олиб борилмоқда. Мазкур фильмларда халқимизнинг қадимий давлатчилик тарихи, бой маданиятимиз, азалий қадрият ва анъаналаримиз, дунё цивилизацияси равнақига унутилмас ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг серқирра ҳаёти ва бебаҳо меросини тўлақонли акс эттириш асосий вазифа этиб белгиланган.
Бу йўналишда бошланган ишлар ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлаганини қайд этиш лозим. Ўтган йили “Баҳодир Ялангтўш”, “Махтумқули Фироғий”, “Ажиниёз” бадиий фильмлари яратилиб, томошабинларга тақдим қилинди ва жамоатчилик эътирофига сазовор бўлди. Айни пайтда яна бир қанча картиналарни тасвирга олиш, монтаж ва овозлаштириш ишлари давом этмоқда.
Шу йил 20 август куни пойтахтимиздаги “Renessans” кино уйида “Тирик тарих” дастури бўйича суратга олинган яна бир кенг қамровли кино асар – “Улуғ Амир ва донна Мария” тарихий бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли маданият ва санъат намояндалари, тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, хорижий меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Янги фильм тақдимотига юртимизнинг кенг жамоатчилиги, хорижий меҳмонлар келганидан хурсандмиз, – деди Кинематография агентлиги директори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Ризаев. – Президентимиз ўтган йили май ойида кино соҳаси вакиллари билан учрашиб, Ватанимизнинг уч минг йиллик улкан тарихига оид фильмлар яратиш бўйича ғояларни илгари сурган эдилар. “Улуғ Амир ва донна Мария” тарихий бадиий фильми ҳам бу борадаги ижодий изланишлар натижасидир.
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киноконцерни ҳамда Туркиянинг “Kanguru” кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган мазкур фильмда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг шу чоққача кўпчиликка номаълум бўлган ибратли жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Маълумки, оламшумул фаолияти билан ўз даврининг сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий ҳаётига улкан таъсир кўрсатган буюк Амир Темур ҳақли равишда инсоният тарихидаги энг машҳур давлат арбобларидан бири, енгилмас саркарда, донишманд бунёдкор, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида эътироф этилади.
Шу боис улуғ аждодимиз ҳақида дунёнинг турли мамлакатларида кўплаб илмий ва бадиий китоблар, пьеса ва фильмлар, тасвирий санъат асарлари яратилган. Ўзбек ва турк кино усталари томонидан суратга олинган янги фильмда ҳам Соҳибқироннинг ана шундай ибратли фазилатлари, “Куч – адолатда” деган ҳаётий тамойилни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, унинг табиатига хос бўлган беқиёс азму шижоат билан бирга кечиримлилик, бағрикенглик, меҳр-оқибат сингари хусусиятлар таъсирчан бадиий воситалар орқали очиб берилган.
Таниқли адиб Хайриддин Султон сценарийси асосида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми аввало мураккаб сюжет чизиғи, мавзунинг оригинал талқини, тарих ва бугунги кун воқеликларини уйғун ва муштарак ҳолда бадиий акс эттириши, драматик интригаларга бойлиги билан томошабинлар эътиборини тортади.
Фильм воқеалари бирйўла икки параллель йўналишда шиддатли ривожланиб боради. Унда олис ўтмиш ва замонавий ҳаёт манзараларининг бетакрор тасвирлари бир-бирини табиий тарзда тўлдиради. Киноасарни томоша қилган маърифатли томошабин беихтиёр инсон руҳиятининг чексиз ва сирли сарҳадлари ҳақида, авлодлар ўртасидаги узвий ришталар, бу дунёда қачондир юз берган бирон воқеа-ҳодиса ҳеч қачон изсиз кетмаслиги хусусида фалсафий ўйларга толади.
Тасвирга олиш ишлари Туркия ва Ўзбекистон ҳудудида олиб борилган ушбу йирик халқаро ижодий лойиҳани муваффақиятли рўёбга чиқаришда яна кўплаб маҳаллий ва хорижий киномутахассислар, рассом ва операторлар, дизайнерлар, компьютер графикаси усталари, продюсер ва каскадёрларнинг ҳам муносиб хизматлари бор.
Мазкур фильм “Қор қўйнида лола”, “Орзу ортида”, “Чашма”, “Афғон”, “Фариданинг икки минг қўшиғи”, “Эврилиш” сингари кино асарлари билан шуҳрат қозонган истеъдодли кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрамига муносиб туҳфа сифатида яратилган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми миллий кино санъатимиз ривожида янги саҳифа очиши шубҳасиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг