Микро ГЭСлар: табиий, экологик тоза ва тежамкор
Абдулазиз Йўлдошев/«Халқ сўзи». Яқингача тураржой биноларига электр ва иссиқлик қуввати фақат электр станцияларидан етказиб бериларди. Электр энергиясининг асосий қисми газ ва кўмир ёқиш ҳисобига олинарди. Бугунги кунда энергия тежовчи технологиялар ўрнатилиб, электр энергияси ҳамда табиий газни тежашга эришилмоқда. Бу муқобил энергия турлари асосан экологик тоза манбалардан фойдаланган ҳолда энергия ишлаб чиқармоқда. Улар умумий тармоққа уланмасдан, ҳар бир ҳудуд ва маҳалла кесимида аҳолини электр билан таъминлаётгани аҳолига ҳам, тадбиркорларга ҳам катта қулайлик яратмоқда. Бу электр таннархини бошқа манбаларга нисбатан арзонлаштирса, гидроэлектростанцияларнинг қулайлиги улар суви кам дарё ёки каналларда ҳам мунтазам электр ишлаб чиқаради.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Самарқандда бешта микрогидроэлектр станция қурилмоқда. Улардан бири — Пастдарғом туманида қуввати 760 кВт бўлган Микро ГЭС-3 фойдаланишга топширилди. Айни пайтда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятига қарашли «Самарқанд ГЭСлари каскади» филиали 8 та катта ГЭС, 10 та микро ГЭСлардан иборат. Уларда 165 нафар малакали муҳандис-ходимлар меҳнат қилмоқда. Ишга туширилган 8 та кичик гидроэлектростанцияларнинг умумий қуввати 69,9 мегаваттни ташкил этади.

— Дарғом каналида қурилган станциямизга ўрнатилган қурилмалар Хитойнинг «ЖИНЛУН» компанияси томонидан олиб келинган. Улар электр энергияси ишлаб чиқариш учун қулай ва самарали, — дейди МикроГЭС-3 бошлиғи Азимжон Исроилов. — Ҳозирда мазкур ГЭС кунига 15-18 минг кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Бу 400 та хонадонни электр энергия билан таъминлашга етади.
Вилоятда дастур бўйича 107 та кичик ГЭС қуриш кўзда тутилган бўлиб, улардан 16 тасининг лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланган. Аксарият микро ГЭСлар Дарғом каналида қурилади. Уларнинг электр ишлаб чиқариш ҳажми ўртача 2 миллион кВт/соатни ташкил этади. Каналнинг Ургут тумани ҳудудида ҳам тўртта микро ГЭС қурилиши давом этмоқда.
— Кейинги тўрт йилда 5 та микро ГЭС қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 3 таси ўз фаолиятини бошлади, — дейди «Самарқанд ГЭСлар каскади» филиали директори Бахтиёр Пирмуҳаммедов. — Айни пайтда 2 та микро ГЭСда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тез орада улар ҳам фойдаланишга топширилгач, гидроэлектростанцияларимизнинг жами қуввати 5,1 мегаваттга етади. Белгиланган дастурлар асосида тасдиқланган 16 та лойиҳанинг 11 тасини хусусий маблағлар ҳисобига амалга ошириш режалаштирилган.

— Ўтган йилда Тойлоқ туманининг Галаботир маҳалласи ҳудудида «Шовдор» ГЭС-3 қурилди, — дейди мазкур ГЭСнинг малакали муҳандиси У.Маматов. — Қуввати 6,4 МВТ бўлган гидростанциянинг 2 та кучли қурилмалари Россиядан олиб келинган. Мазкур станция йилига 32,5 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ишлаб чиқарилган электр энергияси туманнинг 10 дан зиёд маҳалласида истиқомат қилаётган 17 мингга яқин аҳоли хонадонларини чароғон этмоқда. Автоматлаштирилган замонавий қурилма ва гидрогенераторлар ишлатишга жуда қулай, эски ГЭСлардан бутунлай фарқ қилади.
Микро ГЭСлар электр энергияси ишлаб чиқаришда самарадорлиги ва сарфланган маблағни тезда қоплаши билан ўзини оқлаган. Шу сабаб юртимизда уларнинг сонини кўпайтириш ҳамда уларга кетадиган қурилмаларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш учун давлатимиз, хусусан, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан салмоқли маблағ сарфланмоқда. Бу ишлар амалга ошадиган бўлса, сув сарфи кам бўлган дарё ва каналларда ҳам бундай кичик лойиҳаларнинг сони кўпаяди. Натижада аҳолини узлуксиз электр билан таъминлашга имконият яратилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг