Меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда

12:41 25 Декабрь 2021 Жамият
1501 0

Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида чет элда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилди, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги механизмлар жорий қилинди. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.

Аммо шунга қарамай, ташқи меҳнат миграциясида эришилган ютуқлар билан бирга, соҳада айрим муаммолар учрамоқда.

Биринчидан, ташқи меҳнат миграцияси соҳаси қонуности ҳужжатларидан иборат бўлиб, миллий қонунчиликдаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим масалаларни халқаро ҳужжатлар билан уйғунлаштириш зарур.

Иккинчидан, қонунчилик ҳужжатларида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳани тартибга солишда иштирок этадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қўлланилиб келинаётган барча тушунчанинг мазмуни ва асосий принциплари белгилаб берилмаган.

Учинчидан, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уюшган ҳолда ишга жойлаштириш, чет элда ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари турли қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилган.

Шундан келиб чиқиб, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Хўш, қонун лойиҳасида қандай нормалар акс этмоқда?

Аввало, қонун лойиҳаси билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатларида назарда тутилган масалалар қонун даражасида мустаҳкамланмоқда, халқаро ҳужжатларда назарда тутилган меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид айрим нормалар, жумладан ташқи меҳнат миграциясининг ихтиёрийлиги ва эркинлиги, меҳнат мигрантларининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситишга ва мажбурий меҳнатга жалб қилишга, меҳнат мигрантларининг соғлиғига зиён етказувчи шароитларда ишлаш учун жалб қилишга йўл қўймаслик каби бир қатор ҳуқуқлари мазкур лойиҳа асосида миллий қонунчиликка имплементация қилинмоқда.

Қолаверса, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда ушбу соҳада Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, хусусий бандлик агентликларининг ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатлари белгилаб берилмоқда.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш, уларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ҳамда чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ягона ҳужжатда жамланмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш ва ушбу соҳада мониторингни амалга ошириш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини реинтеграция қилиш бўйича меҳнат ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари белгилаб берилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ташқи меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш қонун даражасида мустаҳкамланади, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади, уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тартиби тизимлаштирилади.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Шерзод ҚУЛМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?