Машаққатдан топмасанг роҳат, нега келдинг ёруғ дунёга?
Фото: Архив сурат
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом 1919 йил 25 апрелда таваллуд топган. Таниқли шоир, носир ва драматург сифатида адабиёт ихлосмандлари меҳрини қозонган ижодкорнинг “Қасосим бор”, “Ҳайкал”, “Ватан куйлари”, “Янги боғ”, “Қитъалар уйғоқ”, “Ошиқ кўнгил”, “Вафонинг узун йўли” каби шеърий тўпламлари, “Машъал”, “Тошкентликлар”, “Мангулик” ва бошқа насрий асарлари ўқувчилар қўлига етиб борган.
Адибнинг “Вафонинг узун йўли” номли хотиралар тўплами ҳам китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.
Шунингдек, ижодкор А. Пушкин, М. Лермонтов, В. Шекспир, Т. Шевченко, Лоне де Вега каби ёзувчиларнинг асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
“Эл-юрт ҳурмати” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган Ҳамид Ғулом 2005-йил 21-августда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…
Кўнгил ёшлигини ҳар дам қўмсайди,
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди!
Такрор этмас эдим бағри тошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Намунча енгилсан, намунча дайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Бўлмасди беғамлик, бебардошлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг!
Тонг юлдузи каби бир он кулсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Ўтда ёндирардим кўнгил ғашлигинг,
Оҳ, менда бўлсайди сенинг ёшлигинг.
Юрак илк севгига яна тўлсайди!
Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди,
Шодлик, кўкламлигинг, серқуёшлигинг
Жаҳон ёритарди худди ёшлигинг!
Имтиҳон
Мактабда тугамас имтиҳон,
Дорилфунунда ҳам тугамайди у.
Ҳудудга эгамас имтиҳон,
У – силсила, поёнсиз, мангу.
Болалигим имтиҳонда ўтди,
Ёшлигимда қилдилар синов.
Имтиҳоннинг поёни етди, –
Дедим сочга тушганда қиров.
Йўқ, янгиси бошланди яна,
Аввалгидан зил, оғирроғи.
Янги давр – янги пўртана,
Янги кучлар жанги, синоғи.
Чиниқади ирода, имон,
Тун кетидан ёришар саҳар.
Шу эътиқод билан ҳар қачон
Янги жангга боғлайман камар.
Умр эса оқин дарёдир,
Тўхтамайди, елиб боради.
Янги дунё кўҳна дунёдир,
Қачон эзгу тонг оқаради?
Қийноқлардан қутулиб бу жон
Қачон сокин олади ором?
Ҳой, имтиҳон, қаттол имтиҳон,
Қачонгача этасан давом?
Олислардан, нурли уфқдан
Саволимга келади жавоб:
Пайдо бўлмас ҳеч нарса йўқдан,
Роҳат йўқдир чекмасдан азоб.
Кеча-кундуз чекмасанг заҳмат,
Интилмасанг олис зиёга,
Машаққатдан топмасанг роҳат,
Нега келдинг ёруғ дунёга?
Ҳамид ҒУЛОМ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг