«Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасидаги маънавий-маърифий учрашувлар давом этмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ / «Халқ сўзи». «Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида бутун мамлакатимиз миқёсида бўлгани каби Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларида ҳам мамлакатимиз адабий муҳитига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли адиб, шоир ва ёзувчи ҳамда ижодкорлар билан маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилмоқда.
Худди шундай тадбир Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида ўтказилди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли шоир ва адиб, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов талабалар билан учрашди.
Тадбир аввалида университет ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов адиб ва унинг ижоди ҳақида фикр билдириб, куни кеча матбуотда эълон қилинган «Асра» шеъри барча юртдошларимизга, айниқса, ёшларга даъват эканлигини, бу уларни илм-маърифатли ва ватанимизга муҳаббатли инсонлар бўлишга чорлашини таъкидлади.

Учрашувда бугунги адабий жараён, китобхонлик маданияти ва ёшларнинг адабиётга муносабати билан боғлиқ мавзулар хусусида сўз борди. Шунингдек, Абдусаид Кўчимов бугунги дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақида гапириб, ёшларимиз эътиборини шундай таҳликали замонда юртимизда кечаётган улкан янгилик ва ўзгаришларга, уларнинг ўз-ўзидан бўлмаётганлигига қаратди. Шоир бугун ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор ҳақида сўз юритар экан, ўзининг ёшлик даврлари ва айни чоғдаги имкониятларга тўхталди. Дунёдаги вазият, глобаллашув даврида «оммавий маданият» таъсири ва ундан ёшларни асраш зарурлигини таъкидлади.
— Давлатнинг қудрати унинг иқтисодиёти мустаҳкамлиги, қатъий сиёсати билан бирга халқнинг ўзини англаши, маърифатли, ғурурли ва ориятли бўлишига ҳам боғлиқ, — деди А.Кўчимов. — Ўзлигини англаган, маънавиятли, уйғоқ миллатни, халқни енгиб бўлмайди. Ҳар биримиз ўзимизни Ватан деб, Ўзбекистон деб билиб яшасак, ўқисак, меҳнат қилсак, юртимиз тезроқ буюк давлатлар қаторига қўшилади.
Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди. Шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олдилар. Абдусаид Кўчимов ўз дастхатлари туширилган асарларини университет кутубхонасига ҳамда фаол талаба-ёшларга туҳфа қилди.

«Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур учрашувда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимовга Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори унвони берилди.
Учрашувдан сўнг Абдусаид Кўчимов ҳамда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовлар бошчилигида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида университет биноси атрофига манзарали кўчатлар экилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг