Маърифат шами шамолда ўчмагай

16:56 06 Январь 2026 Жамият
327 0

Яратганнинг бетимсол қудрати ва инояти ила кўкдан ёғаётган ёмғир томчилари ергача бир-бирига тегмасдан тушганидек ёки учқунлаётган қор парчаларининг шаклан бир-бирини такрорламаганидек, ҳар бир инсон ҳам ўзгача, қалб, феълу атвор, ақлу заковат, назару нигоҳ, орзу-армон бобида ва яна кўплаб жиҳатларда бир-бирини такрорламайди! Бу мўъжизага тенг ҳақиқат айни кунларда биз учун исбот талаб қилмас аксиомага айланган албатта.

Шу маънода, одамзод ўзи билмаган, яхши танимаган инсон тўғрисида ишончли сўз айтмоғи душвор. Ана шу душворлик боис қалам қўлда доим ҳам қитирламайди. Сўзлар дафтар бетида нурланмайди. Борди-ю, сиз сўз айтмоқни ният қилган инсон чеҳраси, шаклу шамойили кўз ўнгингизда офтобланиб турса, соҳир суҳбатларидаги ўтли фикрлари қулоғингиз остида жаранглаб турса, қалбингиз сиздан сўрамасданоқ қалам қидиради, айтмоқчи бўлган сўзларингиз шамолсиз ҳам юрагингиз новдаларидан тутдек тўкилаверади.

Мен таниқли адабиётшунос олим, профессор, серқирра ижодкор, фидойи педагог, бағрикенг устоз, талабчан раҳбар — ўз илмига амал қилаётган замонамиз алломаларидан бири Нурбой Жаббор ҳақида икки оғиз сўз айтмоқ имкони туғилганидан қувондим. Боиси мен ҳурматли, фозил олимимизни ҳам сийратда, ҳам сувратда кузатганман, ўзимча ўрганганман. Бу кўплаб анжуманлар, фестивалу учрашувлар асносида бирга сафарларга чиқиб, ҳамроҳ, ҳамфикр, ҳамдард бўлганимиз маҳсули. Ана шу баланд-паст йўлларда синалган олим дўстим, оқил укам сўздан саодат топган одил инсон сифатида дил эҳтиромимни қозонган, десам, нокамтарлик бўлмас.

Нурбой Жаббор ҳақида ўйлаганимда, шу каби илиқ ва шарафли туйғулар мени қуршаб олади. Аксинча, бир-бирига елка тутган хуш ниятлар кўнгилда дуо янглиғ юз очади. Бу нияту дуоларимнинг қўри бор. У ҳам бўлса, ўз касбу коридан, ниятидан, ҳаракатидан, амалидан барака топган инсонга бўлган самимий ҳурмат, эъзозу эҳтиром қўри...

Нурбой Жаббор қанчалик катта олим, илму фан кишиси бўлмасин, минбарга туйғулар тўфони билан чиқади ва ич-ичдан “Бисмиллоҳ”и қайнаб, соҳир овози яйраб, сўз бошлайди. Бу нутқлар асносида сўз илмининг унвони-ю, ақлнинг орини, сўзнинг латофати-ю, фикрнинг фароғатини туясиз. Ногаҳон дилингиздан “Худо берган одам-да, барака топсин”, деган ўй кечади.

Профессор ва нотиқ Нурбой Жабборни чуқурроқ билганингиз, кашф этганингиз сари бу туйғу, бу хулоса қалбингизни мустаҳкам забт этаверади. Бу Аллоҳ ато этган истеъдод ифодаси, Яратганнинг ҳаммага ҳам ато этавермайдиган илоҳий бир назарини атрофдагиларга кўнгил кўзи ила кўрсатилиши бўлса, ажаб эмас.

Шаклан баландпарвоз, аслан самимий ва чин гапларим қалбимга йўқ ердан тушиб қолган ёхуд бошқа мақсадларга қаратилган эмас. Бу сўзларим Нурбойнинг лутфида кўрганим — нур таассуроти; сўзидаги самимият, ўзидаги оддийлик, камол касб этган камтарлик фазилати — барчаси унга ярашиб туради. Қадди тик, ўзиям Алпомиш келбат олим укам, бир томондан, ўзбек ўғлонларининг бўй-басти, овози, илму тафаккури, одамгарчилиги ва мардлиги, ор-номуси ва шижоати ҳақида олам аҳлига сўзсиз сўзлаб туради! Бу кўкси баланд, тилаги тоза, нияти, иши, амали эзгу инсон билан замондош эканингиз, бир миллатга мансублигингиздан қувониб кетасиз – эҳтимол бу қувончнинг номини фахру ифтихор дейишар!

Нурбой Жабборнинг умр дафтарига бир қур назар ташласак ҳам ойдин туйғулар оғушида қоламиз. Расмий манбаларни титкилаймиз ва кўзимиз ушбуларга тушади: адабиётшунос олим, филология фанлари доктори (2004), профессор (2011), Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ўзбек адабиёти кафедраси мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Уюшма қошидаги Адабиётшунослик, адабий танқид кенгаши раиси.

Бу илмий даража ва унвонлар ортида бир умрга тенг машаққату заҳматлар, кўз ёшлар, шодликлар ва топишу йўқотишлар борлигини ўйлаганда, бир неча минг чақирим йўлни қору ёмғирда, саратону бўронларда, устига-устак, яёв босиб келаётган жафокаш одам кўз олдингизда гавдаланади. Улкан университетнинг нуфузли кафедрасини бошқариш асносида олимларга раҳбар бўлиш, кенгаш раиси сифатида миллат адабиёти тақдирига туташиб яшаш, ишлаш, гапириш балки осондир. Лекин...

Аслида Нурбой Жабборнинг ҳаловатсиз ҳаёти ва тиғиз фаолияти ўзини қийнаб, ўз ҳолига қўймайдиган, ҳамиша бедору ҳаракатда бўлган одамгина бу янглиғ улкан натижаларга эришишига бир исботдир! Ахир “Мен талантман! Худо берган истеъдодман!” десангиз-у, ётаверсангиз, жонни қийнаб, қонни қайнатмасангиз, ўша истеъдод юзага чиқадими?!

Келинг, расмий маълумотни якунлаб қўяйлик. Нурбой Жаббор 1966 йил 1 январда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида туғилган. 1990 йил Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) Ўзбек филологияси факультетини битирган. 1990—1993 йилларда Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтида аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим лавозимларида илмий тадқиқот ишларини олиб борган. 1998-1999 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти докторанти. 1999-2016 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедраси доценти, кафедра мудири, Ўзбек филологияси факультети декани лавозимларида фаолият юритган. Шунингдек, “Фидокор” газетаси бўлим мудири, “ Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири ўринбосари лавозимлари ҳам ишлаган.

2016 йилдан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек адабиёти тарихи кафедраси профессори, 2017 йилдан мазкур кафедра мудири лавозимида самарали меҳнат қилмоқда.

Булар лавозим, даража ва фаолият йўли.

Ана энди, Нурбойни Нурбой Жаббор қилган илмий ва бадиий маҳсулларга тўхталсак. Зотан, деҳқоннинг иши кетмонининг катталиги билан эмас, ҳосили ва унинг сифати ила ўлчангай. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, муҳтарам олимимиз ғоят сермаҳсулдир. Бинобарин, Мулла Олим Махдум Ҳожининг “Тарихи Туркистон”, Имом Ғаззолийнинг “Дақойиқ ул-ахбор”, Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Зубдат ут-таворих”, шунингдек, Муқимий, Фурқат каби ўнлаб классикларимизнинг тўпламлари-ю, девонларини қўлёзма манбалар асосида сўзбоши, илмий изоҳлар, луғат ва кўрсаткичлар билан нашр эттиргани ҳам шижоат, ҳам жасорат инъикосидир.

Ўзининг эса, “Маърифат надир” (2010), “Замон, мезон, шеърият” (2015), “Адабиёт ва миллий маънавият” (2015), “Маоний аҳлининг соҳибқирони” (2021) сингари бақувват китоблари нашр этилган. У олий ўқув юртлари учун чиқарилган “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” дарслигининг ҳаммуаллифи ҳамдир.

Нурбой Жаббор бу кўзни қамаштирар даражотга ўз-ўзича эришиб қолмади. Улуғ устозлар этагидан маҳкам тутди. Улардан нафақат сабоқ олди, балки ҳаёт мактабларидан, умр ибратларидан ҳам баҳраманд бўлди, ўрганди. Шу маънода, Нурбой ҳақиқий устоз кўрган чинакам шогирд. Устозлари ҳақида сўз кетса, дастлаб фанимиз дарғаси, бетакрор адабиётшунос олим, академик Азиз Қаюмов номини тилга олади. Домла, аввало, диплом иши раҳбари, қолаверса, оталарча меҳр билан ёш шогирдининг бошини силаган, Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институтида аспирант бўлиб қолишга даъват этган куюнчак бир ҳомийдир. Шунингдек, азизу мукаррам устоз, Ўзбекистон Қаҳрамони, бетимсол, фидойи инсон, дарёдил адабиётшунос Озод Шарафиддинов, улуғ жадидшунос, маърифатпарвар устоз Бегали Қосимов, адабиётшунос олим Шариф Юсупов ёш илми толиб ҳаёт йўлида “йўлчи юлдуз” бўлганлар.

Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, Нурбой Жаббор устозларининг барча фазилатлари, миллатсеварлигидан то ватанпарварлиги, одамохунлигини ўзи учун дастурил амал қилиб олди. Акс ҳолда, унинг ўзи ҳам дониш устозга айланиб, 8 шогирди фан доктори, 29 нафар толиби фан номзоди ва фалсафа доктори бўлиб камолга етармиди?!

Фарзанд орзуларига эшик ўз оиласи остонасида очилади. Нурбой ана шу остонада туриб, оламга болаликнинг беғубор нигоҳи ила боққан. Деҳқонобод туманининг Откамар қишлоғининг қиру адирларида чиллак ўйнаб, мол боқиб, ўт ўриб, хас-ҳашак йиғиб, аммо ўзининг покиза туйғуларини қалбида ғуборсиз асрай олган. Ана шу оламжаҳон орзулар уни биров таниб, биров танимаган қишлоқ – Откамардан олимлик дунёсига етаклаб келган, десам, тўғри бўлади.

Эҳтимол Нурбой 85 йил умр кўрган муҳтарама волидаси Машҳура аянинг хизматларини ўзи орзулагандек бажаролмаган, ўрнига қўёлмагандир, аммо 100 йил яшаган, том маънода умргузаронлик қилган падарбузруквори Абдулҳаким отанинг дуоларини олиш бахтига муяссар бўлди. Нурбой яна шуни алоҳида ифтихор билан таъкидлайдики, ўзи билган бобокалонларининг ҳаммаси – деярли етти авлоди Қуръон илмидан хабардор бўлган қорию қурролардан бўлган.

Қолаверса, бир асрни қаритган Абдулҳаким отанинг ёстиғи остида Имом Ғаззолий, Носируддин Рабғузий, Махтумқули, Сўфи Оллоёр, Ҳожа Аҳмад Яссавий каби буюк мавлоноларимизнинг китоблари турган. Эътиборлиси, ана шу китоблардаги шоҳбайтлардан юзлабини у суюкли фарзандига ёддан айтиб берган, шуурига зилол булоқ суви каби қуйган!

Бу ифодалар Нурбойнинг кўнглига кўчган. У ҳам бугун минг-минглаб сатрларни ёддан айтади. Хусусан, Нурбой Жаббор билан, юқорида келтирганимдек, турфа сафарларда, кўп анжуманларда ҳамроҳ бўлганимда, ҳазрат Навоий ғазалларидан ўқиб беришини илтимос қиламан. Нурбой дурдоналарни нафақат ширали овозда ўқийди, балки аруз вазни ҳижоларига мослаб, мусиқий оҳангда ижро этади. Буни ҳар қандай одам ҳузур қилиб тинглайди! Балки отаси ғазалларни шундай ўқиб бергандир...

Аммо яқинда билганим шу бўлдики, Нурбой Жаббор яхши мусиқий билим соҳиби ҳам экан. “Қаро кўзим” ушшоғини унча-бунча ҳофиздан кам куйламас экан. Сўзим аввалида “серқиррали ижодкор” деганим ростлигига ҳурматли ўқувчиларимиз ҳам шоҳид бўлмоқдалар.

Нурбой Жаббор қадим боболари, момоларининг эзгу анъана, тутумларини муносиб давомчисига айланган фарзанд. Бунинг энг ёрқини – оила. Нурбой ўз оиласи мисолида ҳам кўплаб ёш оилаларга намуна бўлмоқда. Рафиқаси Шаҳлохон билан бир курсда таҳсил олиб, кўзлар кўзга тушганда меҳр, муҳаббат нурлари таралган. Бу нурлар умр бирлигига болиш тутди. Курсдошлар турмуш қуришди ва бу оила осмонини маърифату муҳаббат чироғи бир зум тарк этмади. Худойим ато этган икки ўғил, икки қиз ҳам илмни байроқ қилиб кўтаришмоқда. Шаҳлохон Ҳожиева ҳам завжи каби филология фанлари доктори, Ўзбекистон миллий университети профессори.

Тўнғич ўғли Сирожиддин Тошкент давлат иқтисодиёт университети менежмент факультети ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари, айни кез иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори. Катта қизи Ойбарчин эса Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг филология фанлари бўйича фалсафа доктори, айни пайтда шу олий ўқув юрти докторанти. Иккинчи ўғли Жалолиддин бўлса, Хитойнинг нуфузли олий таълим даргоҳи – Жиянсу университети магистранти, ўзи шарқшунос, хитойшунос. Кенжа қизи Муслимабону Тошкент давлат тиббиёт университети стоматология факультети битирувчиси. Келинлари ҳам умр йўлдошлари каби илм фидойилари, аста-секин бу борада ҳам мақом касб этмоқда.

Тангри ато этган шириндан шакар саккиз набиранинг орзулари бобоси, бувиси, ота-оналарига мосу хос. Кўз тегмасинки, ҳавас қилса, арзигулик оиласи ҳам бор Нурбойнинг. Ҳалол меҳнат, меҳру муҳаббат, қадру қиммат қарор топган оила, албатта, саодатли оила бўлишининг битта исботидир бу!

“Бахтни Тангридан сўра, илмга ўзинг етиш”, дейди алломалар. Нурбой Жаббор шахсияти, оиласига тегишли бахт — бу илму ҳикматдан келган бахт. Тинимсиз машаққатнинг меваси. Мева тотли бўлса, боли тилда қолади. Ниятимиз — Нурбой Жабборнинг ўзи, оила аъзолари тилидан ҳам, дилидан ҳам ана шу бол аримасин. Таъбир жоиз бўлса, Нурбой ёшликда муваффақиятга эришгани боис, мана, олтмиш остонасида донишмандлик эшиги зулфини тақиллатяпти. У ўзига яраштира олган бу қутлуғ назар муборак бўлсин, бардавом бўлсин. Аён ҳақиқат шуки, маърифат шами шамолда ўчмагай, маърифатли инсон эса қалбдан қалбларга нур бўлиб ўтгайдир. Нурбой ўз исмига мос – ана шундай музайян нур соҳибидир.

Умр оқар сувдир, дарёси бўлак,

Яхшини эл ичра зиёси бўлак,

Сизга дўсту ёрни дуоси бўлак,

Соғу омон бўлсин олтин бошингиз,

Дўстим, қутлуғ бўлсин олтмиш ёшингиз.

Набиралар навосига жўр бўлиб,

Рафиқангиз вафосига қўр бўлиб,

Етмиш, саксон, тўқсонда ҳам зўр бўлиб,

Юзда палов бўлсин суйган ошингиз,

Дўстим, қутлуғ бўлсин олтмиш ёшингиз.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?