Марадонанинг ўлимида айбланган шифокорлар 25 йилга қамалиши мумкин

Аргентиналик футбол афсонаси Диего Марадона вафотидан сўнг уни даволаган шифокорлар судга тортилади. Суд жараёни 5 март куни бошланиб, тиббиёт ходимларига нисбатан «беэътиборлик ва номақбул даволаш оқибатида ўлимга сабабчи бўлиш» айблови қўйилган. Агар улар айбдор деб топилса, саккиз йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Диего Марадона 2020 йил 25 ноябрда 60 ёшида вафот этган эди. Бироз аввал у миядаги қон томири тромби сабабли жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган ва уй шароитида тикланиш жараёнини ўтказаётган эди. Шунингдек, у алкогол ва гиёҳвандлик моддаларидан воз кечишга қаратилган даволаш курсларини ҳам олган.
Гап шундаки, 2021 йилда мустақил экспертлар комиссиясининг шифокорларнинг ҳаракатларини «номақбул ва бепарволик» деб баҳолашидан сўнг ортидан Аргентина прокуратураси суриштирув бошлаганди. Уларга кўра, Марадона шифохона шароитида малакали тиббий ёрдам олганида, унинг яшаб кетиш имконияти юқори бўларди.
Судланувчилар қаторида Марадонанинг шахсий нейрохирурги Леопольдо Лук, унинг руҳшуноси ва бир неча ҳамширалар бор. Уларнинг барчаси ўз айбини рад этмоқда.
Прокуратура маълумотларига кўра, тиббиёт ходимлари футболчининг саломатлиги оғир эканини биларди, аммо у учун малакали тиббий ёрдам ташкил этилмаган. Хусусан, унинг уйида дефибриллятор ва алкоголизм ҳамда гиёҳвандликка ихтисослашган врачлар йўқ эди.
Марадонанинг ўлими Аргентина жамоатчилигида жиддий акс-садо берди. Футболчининг қариндошлари ва адвокатлари унинг ўлимини тиббий бепарволик оқибати деб баҳоламоқда.
Футбол афсонасининг сўнгги кунлари ҳақидаги овозли ва ёзма хабарлар тарқалган бўлиб, уларда врачлар ва яқинлар орасида унинг саломатлиги ҳақидаги муҳокамалар келтириб ўтилган. Ушбу хабарларда тиббиёт ходимлари Марадонанинг қизларини унинг аҳволи ҳақида бехабар қолдиргани айтилади.
Бу жараён Аргентина тарихида энг шов-шувли тиббий суд ишларидан бирига айланиши мумкин. Суд жараёнида 100 дан ортиқ гувоҳлар, жумладан, Марадонанинг оила аъзолари, собиқ мураббийлари ва врачлари иштирок этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг