Маъмурий ислоҳотлар доирасида айрим қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда

11:51 30 Сентябр 2023 Сиёсат
2348 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенатнинг қирқ бешинчи мажлисида “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан кўриб чиқилди.

Маълумки, «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга асосан, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига оладиган яхлит тизими жорий этилди.

Ўз навбатида маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг «давлат қўмитаси» шакли бекор қилиниб, амалда фаолият юритаётган давлат қўмиталари негизида вазирликлар ташкил этилди ёки қўмита, агентлик ёхуд инспекция шаклида қайта ташкил этилиб, тегишли вазирликларнинг ташкилий бўйсунувига ўтказилди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига «Ўзбекистон Республикаси давлат қўмиталари» деган тушунча Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидан чиқариб ташланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу ўзгаришлар Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи амалга оширилишини таъминлашга, шунингдек профессионал бошқарув принципларига асосланган ва натижага йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Юқоридаги қонуннинг 5-моддага асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши ҳақида, вазирликлар ва идораларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши тўғрисида, шунингдек харажатлар иқтисодий таснифининг моддалари кесимида маблағларнинг сарфланиши ҳақида вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириладиган ахборот киритилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер