Мактабда реконструкция ишларини бажариш масъулиятли бўлишни талаб этади

11:08 25 Июль 2024 Жамият
233 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Айни кунларда ёзги таътилни мароқли ўтказаётган болажонлар янги ўқув йили бошланишини интиқлик билан кутишмоқда. Айниқса, улар таълим олаётган мактабда таъмирлаш ишлари амалга оширилса, бу ўғил-қизларимизни икки ҳисса қувонтириши турган гап.

Афсуски, баъзи қурувчилар келажагимиз ворислари қалбидаги бундай туйғуларни тушуниб етавермайди. Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан олиб борилаётган мониторинг шундай хулоса чиқаришимизга асос бўлади.

Ушбу инспекция мутахассислари Қўқон шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида амалга оширилаётган реконструкция ишларида қоидабузарлик ҳолатларини аниқлади. Ҳозир бу таълим масканида «Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси» давлат муассасаси Фарғона вилоят ҳудудий бўлими буюртмачилигида пудратчи «Замон қурилиш таъмир« МЧЖ томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.

— Маълум бўлишича, объектда техник, муаллифлик ва ички назорат бўйича мутахассислар томонидан белгиланган тартибда назорат ишлари олиб борилмаган, — дейди Фарғона вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи Дилмурод Сапаров. — Шунингдек, бинонинг баъзи қисмида ғишт девор тиклаш ишлари лойиҳадан четга чиққан ҳолда сифатсиз бажарилган. Ишчи лойиҳа ҳужжатида кўрсатилган симлардан фойдаланилмаган, ғишт деворларни тиклашда цемент-қум қоришмаси ўрнига оҳак-қум қоришмаси ишлатилган.

Ўз навбатида, деворларга ғишт териш лойиҳа ечимлари ва қурилиш меъёрлари талабларига зид равишда бажарилган, яъни деворларнинг мустаҳкамлик ҳолатига путур етказилган.

Ўрганиш натижада аниқланган қоидабузарликлар юзасидан қурилиш объекти бўйича масъул шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди, сифатсиз ва лойиҳадан четга чиққан ҳолда бажарилган қурилиш ишлари жойида буздирилди. Қурилиш объектининг назоратчилари ҳамда пудратчи ташкилот раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасига кўра маъмурий чора кўрилиши таъминланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?