Мактаб ошхоналари тўлиқ санитария-гигиена қоидаларига амал қилиб ишлашига ишончимиз комил эмас
Айни шу кунларда ота-оналарни бир хавотир қамраб олган. Яъни мактаблар очиладими ёки масофавий тарзда дарслар давом эттириладими? Ота-оналарнинг бу хавотири ўринли. Чунки ҳозирги мураккаб вазият — пандемия шароитида улар, энг аввало, фарзандларининг сиҳат-саломатлиги учун қайғуради.
Очиғини айтиш керак, карантин вақтида Online дарслар ва машғулотларнинг ташкил қилиниши таълимда янги имкониятларни белгилаб берган бўлса-да, фарзандларимиз ижтимоий ҳаётдан анча узоқлашиб қолишди. Бу эса, албатта, уларнинг руҳиятига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Яқинда давлат мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилиши юзасидан санитария-меъёр қоидалари ишлаб чиқилаётганлиги, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига умуммажбурий ҳисобланган санитария-меъёр қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда рухсат берилиши тўғрисида маълум қилинди. Бу ижобий хабар албатта. Бироқ пандемия даврида мактаблар ўз фаолиятини ўта масъуллик билан давом эттириши талаб этилади. Бу бўйича ўз таклифларимни билдирмоқчиман.
Аввало, дарс ва машғулотларни иложи борича очиқ ҳавода ташкил қилиш, ўқув хоналарининг деразалари ҳаво ҳарорати илиқ кунларда доимий очиқ ҳолда бўлиши, ҳаво совуқ кунларда ҳар 15 дақиқада алмаштириб туриш мажбурийлиги, бошланғич ва юқори синф ўқувчилари учун ҳафтанинг бошқа-бошқа кунларида мактабларга келишини таъминлаш, яъни бошланғич синф ўқувчилари ҳафтанинг душанба, чоршанба, жума кунлари ўқитилиши, юқори синф ўқувчилари учун ҳафтанинг сешанба, пайшанба, шанба кунларида ўқув жараёнлари ташкил қилинишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бунда бошланғич ва юқори синфларни бир-бири билан алоқа ўрнатиш ва касаллик юқиш ҳолатларининг олдини олиш имкониятига эга бўлиш ва хона танқислигига барҳам бериш мумкин бўлади. Шундагина бир синфда 15 нафардан ортиқ бўлмаган ўқувчиларни ўқитиш, бир партада 1 нафар ўқувчи ўтириш имконини беради. Бир кунда 3 соатдан ортиқ бўлмаган (асосан асосий фанлар ўрин олса) дарс жадвалларини ташкил қилиш зарур, 4, 5 ва ундан ортиқ бўлган дарс соатлари ўқувчиларни озгинабўлса-да, жисмоний чарчатиб қўйиши мумкин.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, жисмоний чарчаган ўқувчилар вирусни тез юқтириш эҳтимолини оширади. Танаффуслар вақтини 5 дақиқага кўпайтириш ва мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат бермаслик лозим. Сабаби, қанчалик қаттиқ талаб қўйилмасин, ҳозирги кунда уларни тўлиқ санитария гигиена қоидаларига амал қилиб ишлашига ишончимиз комил эмас. Танаффусда ўқувчилар мактаб ошхонасида кўп тўпланиб қолиши эҳтимоли жуда юқори. Ҳар бир танаффусда ўқитувчи бошчилигида тоза ҳавога чиқиб, нафас машқлари бажариш ва мажбурий қўлларни тозалаб совунлаб ювишни ташкил қилиш катта аҳамиятга эга. Фарзандларимизнинг ўқув қуролларидан фойдаланишларида ўқитувчи бошчилигида спиртли антисептик воситалар билан зарарсизлантириб туриш мажбурийлигини ташкил қилиш (айниқса, бошланғич синфларда) лозим.
Мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига рухсат берилиши ота-оналаримиздан ҳам катта масъулият талаб қилади. Фарзандларимизнинг тоза ва озода юришларини уқтириш, доимо тиббий ниқоблар таққан, масофа сақлаган ҳолда мактабга бориш ва уйга қайтиш жавобгарлигини ўз зиммаларига олишлари, бунинг учун, аввало, ўзлари шахсий намуна бўлишлари айни муддао.
Бу арзимагандек туюлиши мумкин. Бироқ эътиборсизлик, карантин вақтида амал қилиш лозим бўлган оддий қоидаларни менсимаслик хонадонимизга вирус кериб келишини ва яқинларимиз, айниқса, ёши улуғ инсонларимиз учун катта хавф туғдириши мумкин. Қанчалик оғир бўлмасин, фарзандларимиз саломатлиги ва хавфсизлиги учун ҳар биримиз масъулиятимизни ошириб, таълим жараёнларининг давом эттирилишига ўз кўмагимизни беришимиз лозим.
Шаҳноза ХОЛМАХАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг