“Макотиб — тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур”

20:29 28 Май 2025 Жамият
190 0

ХIХ аср охири ХХ асрнинг биринчи чорагида Туркистон заминида кенг қулоч ёйган жадидчилик ҳаракати намояндалари жамиятни маданий қолоқлик ва хурофотдан озод қилиш, халқни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлатчилик асосларини бунёд этишни ўзларининг асосий мақсади деб белгилаган эдилар. Мамлакатимиз ҳудудида жадидчилик ҳаракатини шакллантиришда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби кўплаб миллат ойдинлари фаол иштирок этдилар. Бу зиёлилар ёшларга замонавий билимлар беришга йўналтирилган янги услуб мактаблари ташкил этиш, дарсликлар яратиш билан бир қаторда, газета ва журналлар таъсис этиб, уларда ўз даврининг энг ўткир муаммоларини кўтариб чиқдилар, таълим-тарбия масалаларига оид илғор қарашларни тарғиб қилдилар.

Жадидчилик ҳаракатининг ана шундай йирик намояндаларидан бири — Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875–1919) миллатнинг равнақи учун илм ва маърифатни асосий омил сифатида кўрган. У ўзининг публицистик фаолияти давомида илм-фан, маданият, замонавий таълим ва дунёқарашни тарғиб қилувчи ўнлаб мақолалар ёзган бўлиб, бу асарлар ўзбек матбуотида янги уйғониш даврининг асосларини яратган. Беҳбудийнинг асосий ғояси — мусулмон жамиятини жаҳолат, иллат ва турғунликдан олиб чиқиш учун ягона йўл илм-маърифат орқали янгича фикрлаш, замонавий билимларга эга бўлиш зарурлигини кўрсатиш эди.

У ўз мақолаларида мактаб таълимини ислоҳ қилиш, ёшларга замонавий билимлар бериш масалаларига алоҳида урғу беради. Эски усулда таълим олаётган болаларнинг фақатгина диний билимлар билан чекланиб қолаётганини танқид қилади ва замонавий фанлар — география, математика, тарих, тиббиёт, хорижий тиллар ўқитилиши кераклигини таъкидлайди. Беҳбудий учун мактаб фақат билим берувчи эмас, балки жамиятни янгиловчи, мустақил фикрловчи замонавий шахсни тарбияловчи институтдир. Хусусан, у ўзининг 1914 йил “Ойна” журналида чоп этилган “Ёшларға мурожаат” мақоласида ота-оналарга қарата шундай ёзади: “Бас, маълум бўлдики, ҳозирги замон ишлариға хоҳ тижорат ва ҳукумат ва санъатхоналарга бўлсун, кириб вазифа олмоқға ва иш қилмоқға илми замоний деган нимарса лозим экан ва ҳар ким бақадар билгуси вазифа олур экан. Бас, сиз муҳтарамлар ҳам ўз авлодингизни ва азиз болаларингизни, агарда хоҳласангизки, сиздан кўра тараққий этса, дин ва миллатға хизмат этса. Шу илми замонийни таҳсил қилмоқ учун ҳаракат қилмоғингиз лозимдур”.

Беҳбудий, шунингдек, қиз болаларнинг билим олиши зарурлиги борасида ҳам ўз фикрларини баён этган. Хотин-қизлар саводи масаласи ўша даврнинг муҳим муаммоларидан бири эди. Шу сабабдан матбуотда хотин-қизлар саводини ошириш, уларни мактабларга жалб қилиш масалалари бот-бот кўтарилар эди. Хусусан, “Туркистон вилоятининг газети”да Файзулла имзоси билан эълон қилинган “Хотунларға илм лозимми?” мақоласида оналаримиз саводсизлиги, улар ҳатто “Тарбияи атфол”ни билмасликлари ҳақида фикр юритилади. Бунинг учун аёлларни ўқув-ўқитув ишларига жалб қилиш кераклиги айтилади ва бу борада Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фикри сўралади. Беҳбудий Туркистоннинг таниқли уламоси сифатида ўз жавобини Анас ибн Моликдан ривоят қилинган “Талабул илм ҳар муслим ва муслимаға фарздур” деган ҳадис билан бошлар экан, сўзининг давомида Қуръонда аёлларга хос ҳукмлардан ташқари барча ишда аёлу эркакка бир хил хитоб қилингани, “хотинларнинг ўқимоқлари лозимлигига ёлғиз кўр ва мунофиқ мутаассиб инкор ёки шубҳа этишини” ёзади.

Шунингдек, Беҳбудий ўз мақолаларида ислом дини ва илм ўртасидаги мувозанатга урғу беради. У диний билимларни инкор этмаган ҳолда, замонавий илм-фан билан уйғун тарзда ривожлантиришни таклиф қилади. Дин ва таълим мавзусидаги мақолаларида у мусулмон жамиятлари орқада қолишининг сабабларини илм-фан ва тафаккурдан йироқлашганликда деб билади. Беҳбудий бу орқали диний ва дунёвий билимлар орасида мувозанатни яратишга интилади.

Беҳбудий матбуот орқали оммага мурожаат қилишни самарали восита деб ҳисоблаган. 1913 йилдан «Самарқанд» газетасини чиқарган. Газета 45 та сонидан кейин моддий танқислик туфайли чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан бошлаб «Ойна» журналини чиқара бошлаган. У “Самарқанд” газетаси ва “Ойна” журнали орқали ўзининг маърифий ғояларини тарқатган.

Беҳбудий ўз мақолаларида болаларни ёшлигидан замонавий билимларга йўналтириш зарурлигини тушунтиради. Беҳбудий фикрича, янги авлодни онгли, билимли, мустақил фикрловчи шахс қилиб тарбиялаш орқалигина миллатни тараққиёт сари етаклаш мумкин эди. Хусусан, 1914 йил “Ойна” газетасида чоп этилган “Муҳтарам ёшларға мурожаат”ида шундай ёзади: “Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки, макотиб — тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дарвозасидур. Ҳар миллат энг аввал, макотиби ибтидоийсини замонча ислоҳ этиб кўпайтурмагунча тараққий йўлиға кируб маданиятдан фойдаланмас. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф салоҳи ила қуролланмаган миллат эса, дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмас. «Муборизаи ҳаёт» майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур, диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллият ва диёнатини ҳам ҳўлдан берур. Ана ушбу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар”.

Шу билан бир қаторда, Беҳбудий миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Ўз тарихимизни тадқиқ этиш, бу борада дарсликлар яратиш лозимлиги ҳақида қайғуради. Унинг 1914 йил “Ойна” журналида чоп этилган “Туркистон тарихи” керак” сарлавҳали мақоласида муаллифнинг бу масалага қанчалик куюнчаклик билан ёндашганини кўриш мумкин. Беҳбудий Туркистон тарихини ўрганиш, бу борада тадқиқот ишлари олиб боришнинг нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини ёзар экан, ўз фикрини қуйидагича ифода этади: “Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганин ўқиб, ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охири мунқариз бўлуб кетганин ўқуб мундан ҳам истифода этмак мумкиндур. Шунинг учун бизнинг ўз шевамизда Туркистонда ўтган боболаримизнинг маиший, сиёсий аҳволиға доир «Туркистон тарихи» бор бўлгонда, они кўз олдимизда қўюб, бурунғи қаҳрамон боболаримизнинг на йўл ила тараққий ва маданият давриға кируб ва нима сабабдан охири мунқариз бўлуб кетганларини ўқуб, билуб, хейли ибрат олар эдук”. Беҳбудий шу сўзларни ёзар экан, айни пайтда Туркистон тарихини ўрганиб, уни китоб ҳолида чоп этадиган билимли инсонлар камлигидан ўксинади: “Бизнинг фикримизча, мундай бир тарих ёзмоқлик ниҳоятда қийин бир иш бўлуб, ҳозирда мунинг ифоси бизларнинг қўлимиздан келмайтурғонга ўхшайдур”.

Бир сўз билан айтганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз мақолалари орқали илм-маърифатни тарғиб қилишга, миллатни уйғотишга ва янги авлодни шакллантиришга интилган. Унинг асарлари нафақат ўз даврида, балки ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Беҳбудий ғоялари бугунги ўзбек жамиятида ҳам ислоҳот ва янгиланиш жараёнларига илҳом берувчи манба сифатида хизмат қилмоқда.

Беҳбудийнинг маърифий қарашлари фақатгина назарий эмас, балки амалий ташаббуслар орқали ҳам намоён бўлган. У 1909 йилда Самарқандда янги усулда ўқитиладиган мактаб очди. Бу мактабда ўқувчиларга араб ёзуви асосида савод ўргатилиши билан бирга, дунёвий фанлардан ҳам сабоқлар берилар эди. Беҳбудий бу орқали болаларнинг нафақат диний, балки ижтимоий, маданий ва илмий билимларга эга бўлишини истаган. У ўқитувчиларни танлашда ҳам эътиборли бўлган, улар замонавий фикрловчи, дунёвий фанлар ҳақида маълумотга эга, ўқитувчилик масъулиятини чуқур ҳис қиладиган инсонлар бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Беҳбудий миллий уйғониш ғояларини тарғиб этишда театр ва саҳна санъатидан ҳам фаол фойдаланган. Унинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” (1911) номли драмаси ўзбек драматургияси тарихида илк ижтимоий-маърифий саҳна асарларидан биридир. Бу асарда у жаҳолат, қадриятлардан йироқлик каби иллатлар ҳақида бонг уради ва ахлоқий, маънавий юксалиш орқали жамиятни янгилаш ғоясини илгари суради. Беҳбудий бундай бадиий воситалар орқали кенг оммага таъсир қилиш, уларни ўйлантириш ва ўзгаришга ундашга ҳаракат қилган.

Бундан ташқари, Беҳбудий ўз даврида «Нашриёти Беҳбудия» номи билан ўз хусусий нашриётини очган. Бу ерда нафақат диний, балки дунёвий асарлар, дарсликлар чоп этилган. Беҳбудий бу орқали ўқувчилар ва кенг жамоатчиликнинг билимларини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг тафаккур доирасини кенгайтиришга интилган. У учун маърифат фақат билим эмас, балки онгни уйғотиш, танқидий фикрлашни ривожлантириш ва шахсий масъулиятни англаш воситаси эди.

Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз мақолалари, педагогик фаолияти ва адабий ижоди орқали ўзбек халқини илм-маърифат билан қуроллантиришга интилган замонавий мутафаккир эди. Унинг қарашлари ва ҳаракатлари ХХ аср бошларида бошланган маънавий уйғонишнинг асосий пойдеворларидан бири сифатида тарихда муҳим ўрин тутади.

Маҳмухўжа Беҳбудий ўз даврида маърифатни нафақат жамиятнинг муаммоларини ҳал этувчи восита, балки миллатнинг руҳий уйғониш асоси сифатида кўрган. У учун билим олиш шунчаки шахсий муваффақиятга эришиш эмас, балки бутун халқнинг тафаккурини ўзгартиришга қаратилган ижтимоий ҳаракат эди. Шу боис, Беҳбудий илм-маърифатни жамиятда кенг тарғиб қилиш учун ўша даврнинг мавжуд воситаларидан тўлиқ фойдаланди: мақолалар ёзди, спектакллар саҳналаштирди, мактаблар очди, ўқув адабиётларини нашр қилди ва босмахоналар ташкил этди.

Беҳбудий учун матбуот — халқни жаҳолат уйқусидан уйғотувчи восита эди. Шунинг учун у “Самарқанд”, “Тараққий”, “Садои Туркистон” каби газеталар ва “Ойна” журналини ташкил этишда бевосита иштирок этган ва уларда замоннинг энг долзарб масалалари — таълим, аёллар ҳуқуқи, ислом ва замонавийлик, миллий бирлик ҳақида мақолалар эълон қилган.

Беҳбудий фикрича, мусулмон халқлари фақат диний мактаблар билан чекланмаслиги, балки дунёвий фанларни ҳам чуқур ўзлаштириши керак. Бунинг учун эса янгича ўқув дастурлари, замонавий услублар, яхши тайёрланган ўқитувчилар зарур.

Аҳамиятлиси шундаки, Беҳбудий ислом дини ва замонавийлик ўртасида қарама-қаршилик кўрмаган. У аксинча, Қуръони каримда ўқиш, тафаккур қилиш, илм олиш тўғрисидаги оятларни асос қилиб, мусулмон киши ҳар доим илмга интилиши керак, деган ғояни илгари сурган. Унинг фикрича, ислом тараққиётга зид эмас, балки унинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши мумкин, фақат бунга тўғри ёндашув, тафсир ва талқин керак.

Бугунги кунда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илм-маърифат ҳақидаги қарашлари ўз долзарблигини йўқотмаган. Ҳозирги ўзбек жамиятида таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар — замонавий дастурлар, халқаро ҳамкорлик, STEAM фанларининг жорий қилиниши — Беҳбудий орзу қилган тараққиёт йўлида амалга ошаётган жараёнлардир. Хусусан, аёллар таълими, тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий фаоллик масалаларининг давлат сиёсати даражасига чиқиши — Беҳбудий бир аср илгари кўтариб чиққан масалаларнинг бугунги кундаги ҳаётий ифодасидир.

Жамолиддин ТЎХТАШЕВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?