Маҳалланинг янги кўзлари
Маҳалла — бу шунчаки ҳудуд эмас. Бу — бир-бирини таниш, бир-биридан ҳол-аҳвол қолиш, қўшнининг эшиги қулфсиз қолса ҳам хотиржам бўлиш мумкин бўлган муҳит. Тотувлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат деган тушунчалар айнан шу заминда шаклланади.
«Суюнчи» фильмини эслаймиз. Анзират буви шаҳардаги тўйдан вертолётда қайтар экан, ҳали йўл чарчоғини ҳам чиқармасдан қишлоққа назар ташлайди:
— И-е, бу қулфни ким осди?
— Холмааат! Қани бир туширчи...
— Бизда бор-йўғи битта ўғри бор, мана бу қулфни кўрса жуда хафа бўлади-я!
Бу сўзлар ҳазилдек туюлади. Аслида бутун бир ҳаёт фалсафаси. Ишонч бор жойда қулф керак эмас. Виждон бор жойда қўрқув йўқ. Бугун ҳам маҳаллаларда Анзират бувилар йўқ эмас. Фақат замон ўзгарди, ҳаёт суръати тезлашди, аҳоли гавжумлашди. Шу билан бирга, тартиб-интизомни сақлаш, тинчликни таъминлашга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 январь куни пойтахтда ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш, профилактика инспекторлари фаолиятини янада кучайтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Бу борада Асака туманида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Жорий йилда тумандаги мавжуд 76 та маҳалланинг 30 тасида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилмаган. Бу рақамлар тасодифий эмас. Уларнинг ортида аҳоли билан очиқ мулоқот, муаммоларни ўз вақтида кўра билиш ва ечим топишга қаратилган тизимли ишлар мужассам.
Туман марказида жойлашган Беруний маҳалласи эса алоҳида эътибор талаб қилади. Уч минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган ҳудудда кун давомида 15–20 минг нафар одам ҳаракатланади. Бундай гавжум муҳитда жамоат тартибини таъминлаш осон эмас.
Шу боис маҳалла ҳудудига 165 та видеокузатув камераси ўрнатилган. Уларнинг айримлари автомобил ҳаракатини, бошқалари эса ички кўчалар ва аҳоли гавжум жойларни назорат қилади. Фавқулодда ҳолатларда тезкор мурожаат қилиш учун SOS тугмалари ҳам жорий этилган.

— Биз камералар орқали одамларни кузатишни эмас, жиноятнинг олдини олишни мақсад қилганмиз, — дейди Беруний маҳалласи профилактика инспектори, майор Лочинбек Умрзоқов. — Назорат бор жойда ҳушёрлик бўлади. Фуқаролар ҳам бундан ўзини хавфсиз ҳис қиляпти.
Ростдан ҳам, бозор атрофидаги майда безориликлар, ички кўчалардаги қоидабузарликлар аввал табиий ҳолдек қабул қилинган бўлса, бугун камералар туфайли ўз вақтида бартараф этилмоқда.
Маҳаллада бешта кўча, 530 та хонадон бор. Ҳар бир оила билан алоҳида ишлаш, ҳар бир хонадон дардини билиш — профилактиканинг энг муҳим вазифаси. Бу жараёнда инспектор билан аҳоли ўртасидаги ишонч ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
— Камералар кўпайиб кетяпти, деб норози бўлаётганларни кўраман, — дейди маҳалла фахрийси Орифжон Долимов. — Лекин шу камералар бўлмаса, қонунбузарликка қўл урмасмидик? Илк пайтларда бизда ҳам эътирозлар бўлган. Бугун эса кўнглимиз тўқ. Илгари “тиқ” этган овоздан сергак тортардик, ҳозир эса хотиржаммиз.
Ҳақиқат шуки, Беруний маҳалласида жиноятчилик қайд этилмаяпти. Бу эса рақамлаштириш, замонавий назорат воситалари ва энг муҳими — аҳолининг ҳушёрлиги самарасидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг