Маҳаллага атиргул ва асал ифори таратаётган ҳовли
Қўштепа туманидаги “Солижонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Араббой Маъмиров миришкор томорқачи, гулчи ва асаларичи оила соҳиби сифатида танилган.
Боиси бу оила аъзолари қарийб 10 йилдан буён гулчилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Қўшимча 20 сотих ерда хризантема (глобус) гули ҳам парваришланади. Жорий йилнинг баҳорида 7 минг дона гул кўчати экилган эди. Айни пайтда ушбу гулнинг ҳар бир донаси улгуржи бозорда 12 минг сўмдан сотилмоқда.

— Гулчилик ортиқча меҳнат талаб қилмайди, лекин бу ишда нафосат ва нафислик муҳим, — дейди Араббой. — Биз гул парваришида доимо шунга амал қиламиз. Ҳар бир гул кўчати оиламиз аъзосидек суюкли ва қадрли бўлиб қолади.
Хонадон томорқасида томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Шу туфайли экинлар парваришида сув тежалиб, ҳосилнинг таннархи арзон ва сифати юқори бўлмоқда. Юмушлар кўпайган пайтда 8-10 нафаргача ёшлар ва аёлларни мавсумий иш билан таъминлашади.
Бу оила томорқадан йилига уч-тўрт марта ҳосил олади. Мисол учун, биргина жорий йилнинг ўзида эрта баҳорда исмалоқдан 8 миллион сўм даромад олинди. Айни кунларда гул ҳосили йиғиб олиниб, бутун мамлакатимиз бўйлаб харидорларга етказиб бериляпти. Куз-қиш мавсумида карамдан ҳам яхшигина даромад олиш мўлжалланмоқда.
Асаларичилик оиланинг яна бир даромад манбаи бўлиб, ҳозирда 100 қутидан ортиқ асалари бор. Уларнинг насли Қирғиз Республикаси, Қозоғистон ва ҳатто Россиягача экспорт қилинади. Шу тариқа асалнинг ўзидан йилига 100 миллион сўм даромад олиш мумкин. 2 сотих ерда қовоқ ҳам етиштирилган. Айни кунларда унинг ҳар бир донаси 25-30 минг сўмдан сотилаётир.

Томорқачиликдаги бу каби ибратли фаолияти қўллаб-қувватланиб, ўтган йили “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида ушбу оилага деҳқончилик учун ижара асосида 40 сотих ер майдони ажратиб берилди. У ерда полиз экинлари парваришланмоқда.
“Солижонобод” МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Шерзоджон Раҳимовнинг маълум қилишича, ҳозирда миришкор оила тажрибаси асосида гулчиликни маҳалланинг асосий драйверига айлантириш мақсад қилинган. Ўз навбатида, асаларичиликдаги тажрибани оммалаштириш орқали маҳалланинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳам кўзда тутилган.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг