«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро вилоятида ижро этилиши ҳолати таҳлил этилди

15:09 15 Декабрь 2025 Сиёсат
223 0

Жорий йилнинг 15 декабрь куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг Бухоро вилоятида ижро этилиши ҳолати муҳокама этилди.

Мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг кун тартибидаги масала юзасидан ахборотлари эшитилди.

Сўзга чиққанлар ўз чиқишларида ушбу соҳада муайян ишлар амалга оширилганини қайд этди. Хусусан, Бухоро вилоятида 829 та объект моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Уларнинг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилган ва давлат кадастрлари ягона электрон тизимига жойлаштирилган. Шунингдек, барча объектларга муҳофаза белгилари ўрнатилган.

Вилоятдаги 57 та маданий мерос объектини реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари учун республика бюджети ҳисобидан 2023 йилда 22,7 млрд сўм, 2024 йилда 42 млрд сўм ажратилган.

Шунингдек, Халқаро замонавий санъат биенналеси ўтказилган маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларига қўшимча равишда 89,7 млрд сўм йўналтирилган.

Давлат ҳисобига олиш мақсадида 72 та янги маданий мерос объекти тўғрисида тарихий маданий экспертиза хулосалари тайёрланиб, Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш учун киритилган.

Ўтган йилда Бухоро шаҳрида Ўзбек-итальян реставрация ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган.

Ўрганиш давомида вилоятда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилган ишлар билан бир қаторда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар борлиги аниқланди.

Жумладан, 12 та объект авария ҳолатида ва 13 та объектда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиши лозим.

Бухоро тарихий маркази ва унинг ҳимоя зонасида жорий йил давомида маданий мерос объектлари билан боғлиқ 92 та қонунбузилиши ҳолати аниқланган.

Бундан ташқари, аҳоли археология объектларининг 156 тасидан (54%) қабристон сифатида фойдаланиб, 9 та ҳолатда объектнинг муҳофаза ҳудудида ноқонуний қурилмалар жойлаштирилгани маълум бўлди.

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 26-моддасида ташқи рекламани моддий маданий мерос объектларига ўрнатиш тақиқланиши белгиланган бўлсада, 20 та объектга ташқи реклама ноқонуний ўрнатилган.

Маданий мерос объектларида ташриф буюрувчилар учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида тегишли йўл кўрсаткичларини ўрнатиш ишлари якунига етказилмаган.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича бириктирилган жамоатчи инспекторларнинг фаолияти самарали ташкил этилмагани таъкидланди.

Шунингдек, муҳокама жараёнида Ўзбекистонда айрим олий таълим ташкилотларида моддий маданий меросни муҳофаза қилишга оид мутахассисликлар мавжуд бўлсада, реставрациянинг махсус – амалиётга йўналтирилган мутахассисларини тайёрлаш ҳали етарли даражада йўлга қўйилмагани, бу йўналишда кадрлар етишмаслиги қайд этилди.

Бундан ташқари, «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунни маъмурий ислоҳотлар талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурати мавжудлиги ҳам билдирилди.

Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?