“Ливерпуль” Италиядан, “Барселона” Германиядан ғалаба билан қайтди
Кеча, 9 декабрь куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг 6-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасида ўрин олган муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
“Ливерпуль” ниҳоят ғалаба қозонди
“Ливерпуль” жамоаси ўтган икки ой мобайнида жуда кўп омадсиз ўйинлар ўтказди — Европа чемпионлар лигасида ҳам, Англия Премьер лигасида ҳам.
Бу натижаларга сабаб сифатида жамоа мухлислари Арне Слотни ҳам, омадсиз трансфер Алєксандр Исакни ҳам, жамоа етакчиси Муҳаммад Салаҳни ҳам айблаб кўришди. Ҳатто, Муҳаммад Салаҳнинг трансферга қўйилиши ҳақида ҳам гап-сўзлар кўпайди. Бир сўз билан айтганда, “мерсасайдликлар” жиддий инқироз кўчасига кириб қолди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу ўйинда кўпчилик “Интер” клубидан ғалаба кутганди. Аммо, “Ливерпуль” ўйинда қийин ғалабани қўлга киритди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. “Интер” жамоаси ташаббусни ўз қўлига олишга ҳаракат қилди. Аммо, инглиз клуби ҳимояда тартибли ўйнаб, рақибнинг режаларини чиппакка чиқарди.
Иккинчи бўлим ҳам бир хил темпда давом этди. 88-дақиқада мезбонлар дарвозаси томон пеналти белгиланди. 11 метрик жарима зарбасидан унумли фойдаланган Доминик Собослаи “Ливерпуль”га ғалаба келтирган голни киритди.
Шу тариқа ўйин 0:1 ҳисобида “Ливерпуль”нинг ғалабаси билан якунланди. Ушбу ғалаба эвазига жамоа турнир жадвалида бешинчи ўринга кўтарилиб олди.
“Интер” — “Ливерпуль” 0:1
Гол: Собослаи, 88 (пен)
“Интер”: Зоммер, Аканжи, Ачерби (Биссек, 31), Бастони, Луис Энрике, Барелла, Чалҳаноғли (Зиелински, 11), Мхитарян (Сучич, 82), Димарко (Карлос Аугусто, 82), Тюрам (Бонни, 82), Мартинес.
“Ливерпуль”: Алиссон, Гомес (Брэдли, 68), Ван Дейк, Конате, Собослаи, Макаллистер, Жонс, Робертсон, Гравенберҳ, Экитике, Исак (Виртц, 68).
Огоҳлантиришлар: Мартинес 13, Мхитарян 57 – Экитике 39, Жонс 73
“Челси” мағлубиятга учради
Таҳлилларимизда Англия клубларига нисбатан “барқарор” деган сўзни ишлатиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолингани ҳақида кўп гапиргандик. Бу гаплар энг кўп “Челси” жамоасига мос келади.
Лондон клуби Клублар ўртасида жаҳон чемпиони бўлишни уддалай олади, аммо шу билан бирга АПЛнинг аутсайдер жамоаларига ҳам 3 очко “совға қила олади”.
Ана шу барқарорлик йўқлиги яна намоён бўлди: жамоа Европа чемпионлар лигасининг 6-тури доирасида Италиядан мағлубият билан қайтди. Унинг рақиби “Милан” ёки “Наполи” эмас, А Серияда 12-ўринни эгаллаб турган “Аталанта” эди.
Олдинги баҳсда “Борнмут” билан дуранг ўйнаган, ундан аввал эса “Лидс”дан мағлуб бўлган “аристократлар” учун бу ўйин жуда муҳим эди. Аммо, кутилган натижанинг тескариси юз берди.
Ўйинда ҳисоб 25-дақиқада “Челси” аъзоси Жоао Педро томонидан очилди. Биринчи бўлим 0:1 билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида Жианлуги Скамакка ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунланишига 6 дақиқа қолганда эса “Аталанта” ғалаба голини урди — гол муаллифи Шарл де Кетеларе.
“Аталанта” — “Челси” 2:1
Голлар: Скамакка 55, де Кетеларе 83 – Жоао Педро 25.
“Аталанта”: Карнезекки, Коссуну, Колашинац (Аханор, 71), Жимсити, Белланова (Заппакоста, 17), де Рон, Эдерсон (Муса, 87), Бернаскони, де Кетеларе, Скамакка (Крстович, 72), Лукман (Пашалич, 87).
“Челси”: Санчес, Чалоба (Фофана, 46; Адарабиойо, 76), Ачеампонг, Бадиашвиле, Кукурея, Кайседо, Жеймс, Нету (Гарначо, 67), Фернандес (Густо, 67), Гиттенс, Жоао Педро.
Огоҳлантириш: Чалоба 29
“Бавария” 4 та гол урди, ҳисоб 3:1
Барқарорлик масаласида бутун дунё клубларига ўрнак бўла оладиган “Бавария” жамоаси учун мавсум жуда омадли ўтмоқда. Клуб Германия чемпионатида етакчиликни ҳеч кимга бермаяпти. Чемпионлар лигасида ҳам “Арсенал”га қарши омадсиз ўйинни ҳисобга олмаса, ҳаммаси жойида.
Клуб 6-тур доирасида ўз майдонида Португалиянинг “Спортинг” клубини қабул қилди.
Кутилмаган ҳолда баҳснинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. “Бавария” клубининг қатор уринишлари бесамар якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 54-дақиқасида Жошуа Киммих ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Ҳисоб — 0:1.
Шундан сўнг “Бавария”нинг голлар серияси бошланди. 65-дақиқада Серж Гнабри ҳисобни тенглаштирди. Орадан 4 дақиқа ўтиб Леннарт Карл “мюнхенликлар”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
77-дақиқада Жонатан Та жамоасининг учинчи голини киритди. Якуний ҳисоб 3:1, “Бавария” фойдасига.
“Бавария” — “Спортинг” 3:1
Голлар: Гнабри 65, Карл 69, Та 77 – Киммих 54 (автогол).
“Бавария”: Нойер, Упамекано, Та, Станишич (Ито, 88), Лаймер, Киммих, Павлович (Горецка, 88), Карл (Геррейру, 76), Олисе, Гнабри (Дэвис, 88), Кейн (Жексон, 90+2).
“Спортинг”: Силва, Диоманде, Фреснеда, Араухо, Куарежма, Симоес (Морита, 90+1), Юлманн, Рейс, Катамо, Сантос (Мангас, 66), Суарес.
Огоҳлантиришлар: Киммих 71, Лаймер 90+4 – Юлманн 71
Ҳимоячи қаҳрамон бўлган баҳс
“Барселона” клуби учун Ла Лига мусобақаси жуда омадли ўтмоқда. Жамоа мусобақада етакчи бўлиб турибди ва ўзининг асосий тақибчисидан сезиларли ҳолда олдинда бормоқда.
Аммо, клубнинг Европа чемпионлар лигасидаги ҳолати ҳавас қиларли эмас. “Барселона” дастлабки 5 та ўйиннинг 2 тасида “Челси” ва ПСЖга мағлуб бўлди, Бельгиянинг “Брюгге” жамоаси билан эса кутилмаганда дуранг ўйнади. Лекин, бу турга келиб Ҳанс Флик бошқарувидаги жамоа сафарда ғалаба қозона олди.
“Айнтрахт” жамоасига қарши кечган ўйинда ҳисоб 21-дақиқада Кнауфф томонидан очилди. Биринчи бўлим мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги устунлиги билан якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 50 ва 53-дақиқаларида “Барселона” ҳимоячиси Жул Кунде катта саҳнага чиқди. Футболчи 2 та гол киритган ҳолда жамоасига муҳим ғалаба келтирди.
Ушбу баҳсдаги ғалаба эвазига “Барселона” клуби мусобақа жадвалида 14-ўринга кўтарилиб олди.
“Барселона” — “Айнтрахт” 2:1
Голлар: Кунде 50, 53 – Кнауфф 23.
“Барселона”: Жоан Гарсия, Кунде, Кубарси, Жерар Мартин, Балде (Кристенсен, 89), Эрик Гарсия, Фермин Лопес (Рэшфорд, 46), Педри, Ямал (Барджи, 89), Левандовски (Торрес, 66), Рафинья (Де Йонг, 66).
“Айнтрахт”: Цеттерер, Кох, Теат, Шаиби (Баойя, 77), Кнауфф (Вахи, 68), Кристенсен, Схири, Ларссон (Доуд, 68), Доан, Браун, Гётце (Узун, 77).
Огоҳлантиришлар: Ямал 56, Мартин 61 – Кнауфф 28
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг