«Кураш — мени иродали, кучли қилиб тарбиялади»

08:49 16 Декабрь 2021 Спорт
1181 0

Шоҳида Аҳмедова Самарқанд давлат университетининг Спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси. Эркин кураш спорт тури бўйича Ёшлар олимпиадаси ҳамда Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби. Етти карра Ўзбекистон чемпиони. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси.

Ҳали ёш бўлсада, ўз соҳаси бўйича кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келаётган Ш. Аҳмедова билан суҳбатлашиб, унинг қарашлари ва келгусидаги мақсадлари билан қизиқдик.

— Спортга болалигимдан қизиқаман, — дейди у. — Ҳозирда йигирма ёшдаман. Мана, етти йилдирки, ҳаётим мазмунига айланган кураш билан шуғулланиб келяпман. Айниқса, ота-онам спорт билан шуғулланишимни доим қўллаб-қувватлаган.

Илк маротаба мураббийим Саломат Кўчимова қўл остида шуғуллана бошлаганман. Ҳозирда бир қатор ютуқларга эришдим. Албатта, буларнинг барчасига ота-онам ва мураббийларимнинг ҳиссаси жуда катта.

2015 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатидаги илк мусобақам кечагидек ёдимда. Ўша пайтда натижаси нима бўлар экан, ғалабага эриша оламанми деган ўй-хаёл мени ташвишга соларди. Ҳаттоки, бу ташвиш менда кучли қўрқувимга сабабчи бўлган. Татамига чиқар эканман, ич-ичимдан ғалаба қозонишимга ишондим ва қўрқувдан асар ҳам қолмади. Бирин-кетин рақибларим устидан ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритдим. Бу менинг спорт фаолиятимни янада шиддат билан давом эттиришга ундарди. Шу тариқа ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида юксак натижани қўлга киритиб келдим.

2017 йил Осиё чемпионатида (Таиланд) мусобақа пайтида ярим финалда кураш жараёнида белимдан қаттиқ жароҳат олганман. Учинчи ўрин учун кечадиган беллашувда жароҳат сабаб мусобақани давом эттиришимга мураббийларим рухсат бермаган.

Оғриқ туфайли етти ой спорт билан шуғулланишга имконим бўлмади. Инсон спортда доим ғалабани эмас, балки мағлубиятни ҳам бирдек тан олиши керак экан.

Кураш мени иродали, кучли қилиб тарбиялади. Орзуларимнинг ушалишига сабабчи бўлди. 2018 йил Осиё чемпионатида (Тошкент) бўлган мусобақада иккинчи ўринни эгаллаб, Аргентинада бўлиб ўтадиган Ёшлар олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганман. Ушбу мусобақада эса, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медали соҳиби бўлдим.

Спортда эришган натижаларим сабаб Самарқанд давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу ерда малакали мутахассислар томонидан назарий ҳамда амалий билимларни эгаллаб келмоқдаман. Ҳозирги кунда келаси йилда Хитойда ўтказиладиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўряпман.

Ҳаётда ўз олдимга улкан марраларни забт этишни мақсад қилганман. Жаҳон чемпионати ва «Париж — 2024» Олимпиада ўйинларида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими Беҳруз Шамсиддинов

ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?