Кун фотоси: Сирдарё вилоят ҳокими ўқувчиларга физикадан дарс ўтди

19:07 02 Апрель 2021 Жамият
2014 0

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги физика фанига ихтисослаштирилган таянч мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Ғофужон Мирзаев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, вилоят, туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишган.

Таянч мактаби қурилиши ўтган йилнинг август ойида бошланиб, қисқа муддатларда «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қуриб битказилди.

Тадбирни вилоят ҳокими Ғофужон Мирзаев кириш сўзи билан очиб берган.

Аҳмад ал-Фарғоний номидаги таянч мактаби тўрт қаватли қилиб қурилган бўлиб, 330 ўринга мўлжалланган. Бўлажак физиклар мактабида 23 та ўқув хонаси, 4 та хорижий тиллар, ахборот технологиялари хонаси, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, 1 та очиқ спорт майдони ҳамда замонавий кутубхона сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этишга хизмат қилади.

Тадбир давомида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кундаги таълим тизимидаги ўзгаришлар хусусида сўз юритар экан, Давлатимиз раҳбари иродаси билан бугунги кунда ҳокимлар фаолиятининг мезони сифатида пахта, ғалла, умуман қишлоқ хўжалиги соҳасидаги эришилган ютуқлар эмас, балки таълим-маориф соҳасига бўлган эътибори билан баҳоланаётганлигини таъкидлади.

Мактабга ташриф давомида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ўқувчиларга физика фанидан маҳорат дарси ўтиб бергани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Вилоят ҳокими ўқувчиларга электр токи ҳақида Ом қонуни формуласини тушунтириб берган, ва ўқувчилар билан қисқа савол жавоб-қилган.

Маҳорат дарси тугагандан сўнг Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоят ҳокимига ишора қилиб, «Мана кўрдингларми, физикани билган одам вилоят ҳокими бўлади», деб ҳазил қилган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?