“Кўзимни яшнатиб кийибсиз атлас”

13:29 18 Сентябр 2025 Жамият
92 0

Кўҳна Бухоронинг Нодир Девонбеги мадрасаси олдида “Муҳайё, Сурайё, Раъно, Муқаддас, Кўзимни яшнатиб кийибсиз атлас” нақоратли машҳур қўшиқ янграганида хорижий сайёҳлар ҳам мириқиб рақсга тушди. Бу ерда анъанавий “Хон атлас” фестивали бўлиб ўтди.

— “Атлас кўп қадимий нафис матодир, У сиздек сулувлар учун атодир”, дея ёзганди ушбу қўшиқ муаллифи, ўтган асрнинг 50-60-йилларида баракали ижод қилган шоир Хайриддин Салоҳ, — дейди ҳамкасбимиз, меҳнат фахрийси Зуҳра Қурбонова. — Атласнинг шоирни илҳомлантирганича бор.  Атлас, адрас каби миллий матоларимиз ўзининг ёрқин ранглари, гўзал нақшлари билан кишига хуш кайфият бағишлайди. Уларда элимизнинг бой тарихи, ажойиб урф-одатлари, юксак диди мужассам. Бундай матолардан тайёрланган либослар қизларимиз, аёлларимизга жуда ярашади. Қолаверса, улар экологик тозалиги билан ҳам  ажралиб туради.

Фестивалнинг очилиш маросимида сўз олганлар ипакдан тайёрланган матолар, жумладан, атласнинг афзал жиҳатлари хусусида тўхталиб, унинг миллийлигимизни англатиб туришдаги ўрни катта эканлигини  таъкидлади. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси Бухоро шаҳар бўлими ҳамда Бухоро давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир  доирасида бадиий-мусиқий дастур намойиш этилди. Миллий либослар тарғиб қилинди.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».                                                                                                              
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?