Коррупциядан холи жамият қуриш йўлида
Қадимдан ҳокимият ва коррупция ўзаро узвий боғлиқ бўлиб келган. Инсоният тарихида давлатчилик тараққиёти билан параллель равишда коррупция ҳам ривожланиб бораверган. Ҳатто буюк Рим салтанатининг инқирозга юз тутиши сабабларидан бири ҳам айнан шу қусур сабаб бўлган. “Коррупция” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб (corrumpere), “емирилиш”, “бузиш” маъносини беради.
Глобализация, ўзаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши натижасида коррупция ҳам халқаро миқёсга чиқди, трансчегаравий таъсир ўтказиш даражасига етди ҳамда энг оммавий ва хавфли ҳодисалардан бирига айланди. Transparency International берган таърифга кўра коррупция — бу ишониб топширилган ҳокимиятни шахсий манфаатларда суиистеъмол қилиш демакдир. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса уни “ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтмайдиган мураккаб ижтимоий, маданий ва иқтисодий ҳодиса”, дея талқин этади.
Коррупция мамлакатдаги иқтисодий ҳолатни заифлаштиради, давлат инвестициялар самарасини, инфратузилма қувватини пасайтиради, солиқлардан олинадиган даромадлар камайтиради, бу эса, ўз навбатида, ҳукуматга давлат тараққиёти мақсадларига ажратиладиган харажатларни тўлиқ молиялаштириш имкониятини бермайди. Ушбу иллат жамиятда суд-ҳуқуқ идораларига бўлган ишончни сўндиради, инсон ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади, халқаро даражада эса мамлакат обрўсига путур етказади.
Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилади. Соҳага оид мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, махсус ваколатли Агентлик ташкил этилган. Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар амалиётга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди.
Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими айнан Ўзбекистонда ўтказилгани мамлакатимизда бу борада кўрилаётган самарали чораларнинг эътирофи, дейиш мумкин.
Тадбирда мукофот асосчиси – Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, 40 дан зиёд мамлакат делегациялари, шу жумладан ушбу халқаро мукофот совриндорлари қатнашди. Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини қутлар экан, Қатар Амири ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасига тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи учун миннатдорлик билдирди. Қатар делегацияси ва халқини 18 декабрь куни кенг нишонланган Мустақиллик байрами билан самимий табриклади.
Ушбу нуфузли мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол шахсларнинг эътироф этилиши 2003 йилда қабул қилинган БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга изчил ва тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдид эканини қайд этди.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. “Аммо мен бу катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган реал зарарнинг аниқ ҳажмини тўлиқ ифода эта олмайди, деб ҳисоблайман”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Бугун Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш жараёнида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни тизимли амалга ошираётгани, БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланди.
“Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.
— Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз, — деди давлатимиз раҳбари.
Уларга эришиш мақсадида Президентимиз қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Энг аввало, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади. Унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.
Шунингдек, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол қатнашади. Бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланилади.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлиги кучайтирилади, бу унинг салоҳиятини янада оширади. Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилинади, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилади.
Ўзбекистон Президенти коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини билдирди.
Абдумутал Закурлаев, юридик фанлар доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг