Конституция — ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос

20:01 08 Июль 2022 Жамият
3290 0

Архив сурат

Кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришдек эзгу мақсадлар рўёбини ёшлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу ўринда фуқаролик жамияти тушунчаси ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.

Фуқаролик жамияти-юксак фазилатларга эга бўлган инсонлар жамиятидир. Фуқаролик жамияти шундай ижтимоий тузумки, унда қонунлар устуворлиги таъминланади, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қарор топади, сиёсий партиялар ва институтлар, мафкура ва фикрларнинг хилма-хиллиги таъминланади, инсонга унинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаёти шаклларини эркин танлаш кафотлатланади, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг мавқеи юксак бўлади.

Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси фуқаролик институтлари фаолиятида кенг иштирок этади ва улар орқали сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ўз эҳтиёжларини қондиради. Фуқаролик жамиятида давлвт ва унинг органлари фаолияти устидан фуқароларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Конституциямизнинг 32-моддасида ҳам фуқароларнинг давлат органларининг фаолиятлари устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Шунга мувофиқ, 2018 йилнинг 12 апрель куни 21 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуни қабул қилингани ҳам бу масаланинг ҳуқуқий асоси ҳисобланади.

Қонунга кўра, фуқаролик жамиятининг тўртта асосий институтлари жамоатчилик назорати субъекти ҳисобланади. Уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киради. Давлатнинг бир қатор ваколатлари жамоат ташкилотлари зиммасига юкланади.

Инсон ижтимоий фаоллигининг асосида унинг ҳуқуқий кафолати, эркинлиги, жамиятда демократик мезонларнинг мавжудлиги ётади. Инсонларнинг биргаликда яшашининг кафолати бу жамиятда, бутун дунёда ҳуқуқнинг, ҳуқуқий маданиятиниг мавжудлигидир. Яъни, инсонларнинг ва уларнинг келажаги бўлган ёшларнинг яшаш, ўқиш, моддий ва маънавий бойликлардан фойдаланиш каби ҳуқуқлари реал қонуний асосга қўйилган жамиятдагина шахснинг эркин инсон сифатида фаолият кўрсатишига имкон яратилди.

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 24-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эркинлиги, 25-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишига ҳақли эканлиги, 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, 42-моддасида ҳар кимга илмий-техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафотланланлиги белгилаб берилган. Ҳар қандай инсон фаолияти-бу унинг онги, фикри, тафаккури ва дунёқарашининг реал ҳаётий фаолиятига айланиши самарасидир. Бошқача қилиб айтганда, мустақил фикрлашнинг маҳсулидир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан келажак авлод ҳақида қайғурилган, маънавиятимизни тиклаш ва янада юксалтириш, миллий таълим-тарбия тизимини такомиллаштиришга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиш, ватанпарвар бўлиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз кучи, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилмоқда.

Зеро, интеллектуал салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йуналишларидандир.

Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонунлари, ёшлар ишлари соҳасига оид Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ўзбекистон ёшлари — 2030 концепцияси ёшларимизга замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида Ўзбекистонда 11 йиллик таълим қайта тикланди. Жойлардаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун Тошкент вилоятидаги Чирчиқ давлат педагогика институти ва вилоятлардаги университетлар ҳузурида педагогика институтлари ташкил этилди. Бундан ташқари, 15 та олий таълим муассасасида ташкил этилган махсус сирқи бўлимларда ўрта-махсус маълумотга эга бўлган 5 мингдан ортиқ педагоглар учун олий маълумот олиш имконияти яратилди.

Таълим тизимидаги инновация ва креатив ёндашувлар асосида Муҳаммад Хоразмий ва Мирзо Улуғбек номлари билан аталадиган, аниқ фанлар чуқур ўқитиладиган мактаблар ташкил этилди.

Жаҳонга маълум бўлиб бормоқдаки, ҳозир Ўзбекистон Республикасида барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида Ҳаракатлар стратегияси, бугунги кунда эса Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ётади ҳамда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” деган эзгу ғоя асосида амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасини Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган тантанали маросимдаги нутқидан ҳам билиш мумкин.

Жумладан, янги турдаги таълим масканлари очилди, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биргина 2020 йилни оладиган бўлсак, Ўзбекистонда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, IT соҳасида информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.

Жаҳон тажрибаси ўрганилиб, янги тартиб-қоидалар, замонавий таълим усуллари жорий этилмоқда. Жумладан, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди. Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017 — 2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида кўришимиз мумкин. Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун 2020-2021 ўқув йилини ўзида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.

Олий таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури қабул қилинди. Сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, янги ташкил этилган ОТМлар ва уларнинг филиаллари ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 141 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари ҳам 15 тага етди ва қабул квоталари 3 баробар оширилди.

Шу билан бирга, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул жараёнлари соддалаштирилиб, давлат тест синовлари бўйича ҳар бир асосий фандан бўладиган тест саволлари 36 тадан 30 тага туширилди ва тест кунлари мамлакат бўйича навбатма-навбат 15 кун давомида очиқ муассасаларда шаффоф тарзда ўтказиладиган бўлди.

Бундан ташқари, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб кириш имтиҳонларига асосий фанлардан ташқари барча таълим йўналишларига мажбурий бўлган Ўзбекистон тарихи, математика ва она тили фанларидан жами 45 та тест саволлари жорий этилди, бу йилги кириш имтиҳонларида мажбурий фанлардан тест саволлари сони ўзгартирилиши мумкинлиги айтилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Яқин йилларда ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланган.

Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги, яъни жамият ҳаётида фаол бўлиши келажакка ишонч туйғуси асосида шаклланади. Қачонки инсон жамият барқарор ривожланишига ишонса, жамият қонунларининг устувор мавқеини англаса, келажакка қатъий ишонсагина унинг хатти-ҳаракати муайян маъно касб этади. Ёшларда ижтимоий фаоллик шаклланишида азалий, умуммиллий, диний ва ахлоқий қадриятларнинг ҳам муносиб ўрни бор.

Зотан, халқимизда жамият ҳаётий ҳодисаларини англашда маънавий-ахлоқий ва диний қадриятлар етакчи ўринни эгаллаб келган. Ижтимоий фаолликнинг шаклланишида энг муҳим ҳуқуқий асос ва омил бу Ўзбекистон Республикасининг Конституциясидир. Ушбу фундаментал ҳужжат демократик жамиятимизнинг ривожланиши, фуқаролик жамиятини шаклланиши ва такомиллашишининг қонуний кафолатидир.

Чунончи, Конституциямизнинг 33-моддасида фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Шунингдек, Конституциямизнинг 32-моддасида фуқаролар ҳуқуқий-сиёсий фаолликларини жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок қилиш йўли билан намоён этишлари ҳам кўзда тутилган.

Биз демократик ҳуқуқий давлатда яшаяпмиз, келажакда унинг юқори босқичи бўлган фуқаролик жамиятини қарор топтиришни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу жамият фуқароларнинг эркин ва демократик фаолиятларининг кенг намоён бўлишини тақозо этади. Келажагимиз бўлган ёшлар ўқишда, спортда, илмий-техник ижодда, меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишда, мустақил ҳаётий позицияга эга бўлишининг аҳамияти ортиб бормоқда. Бунинг учун биринчидан, оилада соғлом муҳитнинг бўлиши; иккинчидан, таълим муассасаларида сифатли ўқитиш; ўқувчининг фикрини эшитишни ва эркин мунозарани йўлга қўйиш; учинчидан, мустақил фикр юритиш кўникмаларини ҳосил қилувчи ижтимоий муҳитни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Ёшларда ижтимоий фаолликнинг шаклланиши нималарда, қандай ижтимоий фойдали фаолиятда амалга ошади?

Булар эса қуйидаги омилларда намоён бўлади:

— инсон жамият маҳсули ва аъзоси сифатида жамият яратган неъматларни қадрлаши ва ўзи ҳам яратишни ўрганиши;

— меҳнат қилиш учун яратилган шарт-шароитни қадрлай олиши;

— жамият берган билим, тажриба ва тафаккурни англаши;

— жамият аъзолари Ватаннинг муқаддас тупроғи, ҳавоси, суви ва моддий бойликларидан оқилона фойдаланишлари ва эъзозлашлари;

— жамият ишини ўз иши каби билиш, қадрлаш ва ташаббус кўрсатиши;

— ўзининг ва авлодларининг фаровон турмушини ўйлаб, унга астойдил хизмат қилиш.

Бундай олижаноб сифатларга эга бўлиш ёшлардан билим, юксак эътиқод ва шижоатни талаб этса, жамиятдан эса демократик тамойилларнинг барқарорлиги, ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамлиги ва жамият аъзоларини фидойилиги каби омилларнинг ривожлантиришни талаб этади.

Алишер ХУРСАНДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети доценти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?