Комил отанинг боғи

Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида машҳур бир боғбон бор. Мустақиллик овулида яшовчи бу отахон — Комил ота Алламбергенов нокнинг Голландия ва Кореядан келтирилган янги навларини экди.
—Бу нокни кўчати Корея Республикасидан олиб келинган, —дейди –Комил ота бир дарахтни кўрсатиб. — Бир неча йил олдин Кореяда ишлаб юрган укаларим менга ушбу нок дарахтининг боғини, сархил меваларининг видеосини юборган эди. Мен уни кўриб, ўзимнинг боғимда шу нокни етиштиришга қизиқиб қолдим. Илтимос қилгандим, Кореядан пайвандтаг кўчатини олиб келиб беришди. Бу мевали дарахт кўчатининг яхши томони дастлабки йилида мева берар экан. Ўтган йили 5-10 кило ҳосил берган бўлса, учинчи йили 15-20 килограммгача мева тугди. Ўзи ҳосил тугунчалари жуда кўп эди, шохларини кўтара олмаслигини чамалаб камайтирдим.
Мевасининг катталиги 1 килограммдан ҳам ошиши мумкин. Қишга асраш учун алоҳида музлатгич шарт эмас. Уй шароитида сақласангиз ҳам сифатини йўқотмайди. Август ойи охирларида пиша бошлайди. Энди мазасига келадиган бўлсак, оғизда эриб кетади, жуда таъми ширин.
Бу ҳақда эшитган қўни-қўшнилар, қишлоқдошлар нок дарахти кўчатини сўраб келишди. Отахон уларга кўчат улашди. Ҳозирги кунда буюртмачилар тобора кўпайиб бораётгани туфайли бу йил кузда янада кўпроқ кўчат тайёрламоқчи.
Комил ота боғида биргина нокнинг 2 та янги нави мева бера бошлаганининг ўзи юртимизда мевалар турини кўпайтириш йўлида олиб борилаётган селекция ишларига қўшилган муносиб ҳиссадир. Қолаверса, бу оила соҳиблари томорқасидаги боғга қўшимча яна 60 сотих майдонда деҳқон хўжалиги ташкил этиб, уни ҳам тўлиқ боғ-роғга айлантиришган. Кўчатлар ораларига сабзавот, полиз, айни вақтда кейинги йил ҳосили учун маълум қисмига саримсоқ пиёз экишмоқда. Эл дастурхонини ноз-неъматлар билан тўкин қилиш йўлидаги самарали меҳнати уларга яхшигина даромад келтирмоқда.
Комил ота турмуш ўртоғи Салима ая Режепбаева билан 5 нафар фарзандни вояга етказишган. Катта ўғли Хурсанд Алламбергенов ва келини Зулхумор Давлетмуратовалар бир неча йил олдин уйида оилавий болалар уйи очиб, 10 нафар ўғил-қизни тарбиялашмоқда. Комилжон ота набиралари кўпайганидан жуда хурсанд. Ана шу боғда уларнинг ҳам ризқи бор, дейди. Дарвоқе, яқинда оилавий болалар уйидаги 2 нафар набирасига давлат томонидан уй-жой ажратилди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ,
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг