«Ҳаж – 2026» мавсуми учун янги тартиб жорий этилди — Дин ишлари бўйича қўмита

23:03 16 Октябр 2025 Жамият
304 0

Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»

Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги «Ҳаж – 2026» мавсуми учун янги тартибни жорий этди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳаж сафари билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларга ҳар бир зиёратчини синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш ва ҳаж сафарига бориш лаёқатига мос келмайдиган касаллик бор-йўқлигини аниқлаш мажбуриятини юклаган.

Унга кўра, «Ҳаж – 2026» мавсумида зиёратчида «Nusuk» платформасидан олинган тиббий соғломлик тўғрисида гувоҳнома бўлган тақдирда унга ҳаж визаси берилади. Таъкидланишича, бу талаб ҳожилар хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашга қаратилган.

Баёнотда, қуйидаги касалликларга чалинган зиёратчилар ҳаж сафарига юборилмаслигини маълум қилди:

• Диализ талаб қиладиган буйрак етишмовчилиги;

• Минимал жисмоний юкламада ҳам намоён бўлувчи юрак етишмовчилиги;

• Даврий ёки доимий равишда кислороддан фойдаланишни талаб қилувчи ўпканинг сурункали касалликлари;

• Жигар етишмовчилиги белгилари билан кечувчи жигар циррозининг оғир босқичи;

• Оғир руҳий ва неврологик бузилишлар;

• Қарилик деменцияси касалликлари;

• Ҳомиладорликнинг охирги уч ойи, шунингдек, юқори хавфга эга бўлган ҳар қандай ҳомиладорлик;

•Фаол юқумли касалликлар (шу жумладан, силнинг очиқ шакли, геморрагик иситмалар ва ҳоказо);

• Кимётерапия ёки бошқа иммунитетни сусайтирувчи муолажалардан ўтаётган фаол онкологик касалликлар;

• Саудия Ҳаж вазирлигининг мазкур талаблари бузилган ёки ёлғон маълумот берилган тақдирда, Ҳаж вазирлиги томонидан чора кўрилиши билдирилган.

«Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика жамоатчилик кенгаши зиёратчиларни ушбу талабларга тўлиқ амал қилишга чақирган, ҳамда ушбу талаблар ҳаж иштирокчиларининг ҳаётини ва саломатлигини сақлашга қаратилганини қайд этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер